Қозоғистон Ташки ишлар вазирлиги Россиянинг Олмаотадаги бош консули истеъфога чиққанини маълум қилди

Евгений Бобров. sputnik.kz сайти фотосурати

Россиянинг Олмаотадаги бош консули Евгений Бобров Қозоғистондаги дипломатик миссиясини якунлаб, республикани тарк этди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.

«Бу ходим энди Қозоғистонда эмас. У энди бу ерда ишламайди. У дипломатик миссиясини тугатди», — деди Смадияров.

Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги сайтида Бобров ҳамон бош консул сифатида қайд этилган.

Бобров 23 август куни ТАСС агентлигига берган интервьюсида Қозоғистонда рус тили билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирган.

«Рус тилидан фойдаланиш ва ўрганиш даражасида маълум даражада пасайиш кузатилмоқда. Ушбу ҳодисанинг объектив сабаблари бор — бу Россия аҳолисининг 15,2% гача қисқаргани, шунингдек Таълим вазирлиги қозоқ тилига асосланган давлат ўқув дастурини ўзгартиришга маълум эътибор қаратаётгани билан боғлиқ», — деган РФ бош консули.

Бобров сўнгги йилларда Қозоғистонда рус тилидаги мактаблар ва синфлар қисқартирилаётганини таъкидлаб, «Таълим қозоқ тилида олиб бориладиган биринчи синф ўқувчилари дастуридан «рус тили» фанининг чиқарилиши жамиятда бироз хавотир уйғотди», деган.

Бош консулнинг сўзларига кўра, мамлакатда рус тили ва адабиёти ўқитувчилари етишмайди, бунга ушбу мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланувчи факультетларнинг қисқаргани сабаб бўлган.

«Ушбу фанлар бўйича ўқитувчиларнинг умумий етишмовчилиги 20 минг кишига етади. Бу рус тилида сифатли таълим беришни қийинлаштиради», — дея таъкидлаган Бобров ва мувозанатли тил сиёсати Қозоғистонда рус тилида сўзлашувчи маданият бойлигини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Бобровнинг сўзларини эътиборсиз қолдирмади.

«Эҳтимол, бу одам мамлакатда биз кузатган барча маълумотлардан бехабар бўлгандир. Менда Халқ таълими вазирлиги маълумотлари бор, қайси мактаблар қайси тилда ўқитилади. 7711 та давлат мактабининг 3957 таси фақат қозоқ тилида, 1203 таси рус тилида таълим беради. 2551 мактаб эса қозоқ ва рус тилларида», — дея тушунтиради Айбек Смадияров.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, мамлакат расмийлари мамлакатдаги барча мактабларни фақат қозоқ тилида ўқитишга тўлиқ ўтишни режалаштирмаган. Бугун фуқаролар ўз фарзандлари қайси тилда ўқишини танлаш ҳуқуқига эга, дейди Смадияров. Бобровнинг ўзига келсак, у энди Қозоғистонда ишламайди, дея қўшимча қилди ТИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида Россия элчиси Алексей Бородавкиннинг Қозоғистондаги «миллатчилар ва русофобия» ҳақидаги баёноти шов-шувга сабаб бўлганди.

«Афсуски, мен миллатчилик тенденциялари ҳақида хавотиритимни айтишим мумкин. Қозоғистонда, таъкидлайман, радикал, миллатчилик тенденциялари тобора яққол намоён бўлмоқда», — деган Бородавкин «Россия сегодня» халқаро ахборот агентлигига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси «агар биздан бу ҳақда сўрашса», Қозоғистонга «ҳар қандай экстремистик миллатчилик чиқишларини бостиришда ёрдам беришга тайёр».

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, элчининг баёноти нафақат Россия департаменти позициясини, балки «Алексей Николаевич Бородавкиннинг позициясини ҳам акс эттирмайди, чунки у ҳеч қачон Қозоғистондаги баъзи оммавий ахборот воситалари уни айбламоқчи бўлган нарсаларни айтмаган».

Кейинроқ Айбек Смадияров Россия ҳукумати Бородавкиннинг баёноти юзасидан узр сўраганини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ