ОАВ: Россия авиация соҳасида санкцияга учраган эҳтиёт қисмларни Тожикистон компаниялари орқали сотиб олган

Аviav.ru сайти фотосурати

Россия авиакомпаниялари АҚШ ва Европа санкциялари ва савдо чекловларига қарамай, ўтган йил май ойидан бошлаб камида 1,2 миллиард долларлик самолёт эҳтиёт қисмларини харид қилган. Санкцияларни четлаб эҳтиёт қисмларни сотиб олиш схемасида Тожикистоннинг қурилиш компаниялари иштирок этган. Бу ҳақда Reuters агентлиги божхона маълумотлари таҳлилига таяниб ёзади.

Агентлик материалларида айтилишича, савдо чекловлари киритилгунга қадар Россиянинг «Уральские авиалинии», «Аэрофлот», S7 ва бошқа авиаташувчилари Германиянинг Lufthansa Technik глобал фирмаларининг техник ёрдамига таянган. Ушбу фирмалар хизмат кўрсатишни тўхтатгандан сўнг, Россия авиакомпаниялари анча кичикроқ етказиб берувчи компанияларга мурожаат қилишган.

Reuters агентлиги Northrop Grumman томонидан ишлаб чиқарилган техник қурилмалар 2022 йили Тожикистоннинг икки компанияси томонидан «Уральские авиалинии» авиакомпаниясига етказиб берилганини далил сифатида келтиради.

«2022 йил июль ойида қурилмалардан бири Тожикистонда жойлашган «Истиқлолият 20» қурилиш компанияси томонидан БАА орқали «Уралские авиалинии» авиакомпаниясига жўнатилган. Маълумотларга кўра, 2022 йил сентябрь ойида Тожикистоннинг яна бир қурилиш фирмаси «Кафолати Комил» ҳам қисмлардан бирини БАА орқали Россияга жўнатган», — деб ёзади Reuters.

Қайд этилишича, «Истиқлолият 20» раҳбари Маҳмадбошир Ёқубов вазият юзасидан изоҳ сўралган телефон қўнғироқларига жавоб бермаган. Ахборот агентлиги «Кафолати комил» ижрочи директори Комилжон Ёқубов билан ҳам боғлана олмаган.

Божхона ҳужжатлари таҳлили шуни кўрсатадики, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва Қирғизистон воситачилари орқали Россияга кириб келади. Хусусан, Молдованинг Air Rock ва Aero stage компаниялари томонидан харид қилинган эҳтиёт қисмлар Қирғизистон ҳудуди орқали Россияга етказиб берилган.

Қўшимча қилиш лозим, Россия Федерацияси раҳбарияти ўтган йил 24 февралида Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) бошлашини эълон қилганидан сўнг Ғарб Россияга қарши самолётлар ва улар учун эҳтиёт қисмлар сотиб олишга чекловлар жорий қила бошлади. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир қанча компаниялари аллақачон санкциялар рўйхатига киритилган.