Ўқитувчиларни ҳудудни тозалашга мажбурлаган мактаб директори жаримага тортилди

Тошкентдаги №149 мактаб ўқитувчилариТашкента. "Резонанс" Telegram-канали фотосурати

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 149-мактаб директори ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Тошкентлик ўқитувчилар ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб қилингани «Резонанс» Телеграм канали томонидан маълум қилинган. Канал ўқувчисининг ёзишича, 16 август куни мактаб раҳбарияти ўқитувчиларни таълим муассасаси ҳудудида тозалаш ва кўкаламзорлаштиришга мажбурлаган.

Тошкент шаҳар аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси сигналга жавоб берган. Инспекция ходимлари мактаб директори томонидан «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори талабларини менсимаганлиги, шунингдек Меҳнат кодексининг 5 («Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш принципи») ва 25 («Иш берувчининг мажбуриятлари») моддалари бузилганлигини аниқлашган.

Натижада мактаб раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 2-қисми («Таълим ташкилоти ўқитувчисига нисбатан маъмурий меҳнатга мажбурлаш») асосида жарима белгиланган. Аниқ сумма кўрсатилмаган, бироқ бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори бир юздан бир юз эллик базавий ҳисоблаш миқдоригача (33 миллион сўмдан 49,5 миллион сўмгача, яъни 2750 доллардан 4125 долларгача) бўлади.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили халқ таълими ходимларини хизмат вазифаларига боғлиқ бўлмаган ишларга, уларни ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда иштирок этишга мажбурлаш, босма нашрларга обуна бўлишга мажбурлашни тақиқлашни талаб қилганди. Бироқ, бундай ҳодисалар кичикроқ миқёсда бўлса-да, давом этмоқда. Улардан баъзилари оммага ошкор бўлмоқда, шундан сўнг, қоида тариқасида, расмийлар бунга нисбатан чоралар кўришади.

Масалан, жорий йилнинг август ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 20-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурлангани ҳақидаги маълумот эълон қилинганидан сўнг, таълим муассасаси директори 33 млн. сўм (2700 доллардан ортиқ) жаримага тортилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ