БМТ Афғонистонда 200 дан ортиқ собиқ амалдорлар судсиз қатл этилганини қайд этган

gazeta.ru сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга Ёрдам Миссияси (БМТАЁМ) 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятга келганидан сўнг собиқ америкапараст ҳукуматнинг ҳарбий хизматчилари ва амалдорларидан камида 218 тасини судсиз қатл этганини ҳужжатлаштирган. Тегишли баёнот ташкилот сайтида эълон қилинди.

БМТ маълумотларига кўра, толиблар собиқ полициячилар, ҳарбийлар, шунингдек Афғонистон миллий хавфсизлик департаменти ходимларини таъқиб қилишган. Аксарият ҳолларда улар ҳибсга олинган ва кейин ўлдирилган. Баъзилари номаълум жойларга олиб кетилган ва ўша ерда қатл этилган. Миссия «Толибон»нинг сиёсий мухолифларга қарши инсон ҳуқуқлари бузилишининг 800 дан ортиқ ҳолатини ҳужжатлаштирган.

«БМТАЁМ ҳисоботида Афғонистон толиблар томонидан босиб олинганидан кейин собиқ ҳукумат ва хавфсизлик кучлари билан алоқадор шахсларга нисбатан қандай муносабатда бўлганлиги ҳақида таъсирли манзара кўрсатилган. Қолаверса, улар нишонга олинмаслиги борасида берилган ваъдани ҳисобга олсак, бу халқ ишончига нисбатан хиёнатдир,дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Тюрк.Мен расмийлардан ушбу ҳисобот натижаларини диққат билан кўриб чиқишни ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни ва кейинги бузилишларнинг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни сўрайман».

Миссия томонидан ўтказилган интервьюларда алоҳида респондентлар «янги» Афғонистонда хавфсизлик кучлари қўлида қийноқлар ва шафқатсиз ҳолатлар бўлаётгани ҳақида гапирган. Баъзи ҳолларда одамлар дом дараксиз йўқолган. Масалан, 2021 йил 2 октабрь куни Ҳирот аёллар қамоқхонасининг собиқ раҳбари Алия Азизий ишдан уйига қайтмаган. Унинг қаердалиги ҳозиргача номаълум.

Бугунги кунга келиб, БМТ миссияси ҳисоботида тасвирланган воқеалар учун айбдорларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш ҳаракатлари жуда чекланган. Расмийлар тергов эълон қилган бир нечта ҳолларда ҳам, бу жараён шаффоф ўтмаган ва ҳеч кимга ҳисобот берилмаган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси матбуот котиби Жереми Лоуренс Женевада бўлиб ўтган брифингда толиблар 2021 йилнинг 15 августидан 2023 йил 30 июнига қадар, собиқ ҳарбий хизматчиларга нисбатан камида 144 та марта қийноқлар қўллагани ва 424 та ўзбошимча ҳибсга олиш билан шуғулланганини айтади.

Қўшимча қиламиз, толиблар ўз ҳукмронлигининг биринчи йилидаёқ собиқ ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий хизматчиларига қарши фаол қатағонлар ўтказишган. Кейинчалик улар репрессия суръатини бироз пасайтириб, мамлакатдан қочиб кетган собиқ амалдорларни қайтаришга киришганлар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ