Озарбайжон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгашини тузди. Битимни 22 август куни давлат ташрифи билан Бокуга келган президент Шавкат Мирзиёев ва президент Илҳом Алиев имзолади.
Икки давлат раҳбарлари матбуотга берган интервьюсида Олий давлатлараро кенгашнинг ташкил этилгани икки давлат ўртасидаги юксак ишонч даражаси ва қардошлик муносабатлари кўрсаткичи эканини алоҳида таъкидладилар.
«Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ташриф давомида икки мамлакат давлатлари, ҳукуматлари ва идоралари даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди. Жумладан, 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича йўл харитаси, энергетика, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувлар, медиа соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси, қатор меморандумлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Президентлар 21 август куни Боку шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи компаниялари иштирокида ўтказилган бизнес-форум якунларини юқори баҳоладилар. Тадбирда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани, 2022 йил якунларига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми олти баробар, жорий йил бошидан эса яна 40 фоизга ошгани таъкидланди. Хўжалик бошқаруви органлари олдига яқин йилларда, жумладан фармацевтика ва нефт-кимё маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, полимерлар ва тоғ-кон саноати маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳозирда томонлар автомобиль ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Озарбайжонда пахта-тўқимачилик ва ипакчилик кластерларини ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистонда қурилиш материаллари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда. Бизнес-форумда ҳамкорликда металл буюмлар, фармацевтика маҳсулотлари, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, жумладан Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси кўмагида ишлаб чиқариш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
«Форум якунлари бўйича аккредитация, нефть-газ, кимё саноати, тоғ-кон саноати, фармацевтика маҳсулотлари ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳаларида кўламли савдо шартномалари ва инвестиция келишувлари имзоланди», — дейилади Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабарида.
Президентларнинг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида 2022 йили Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробарга ошгани таъкидланди. Ўзбекистон Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланган ҳолда юк ташиш ҳажмини янада ошириш ниятида.
Томонлар Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чораларини муҳокама қилдилар.
Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида Фузули шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб очилиши режалаштирилган.
«Эртага Шавкат Миромонович шахсий ташаббуси билан Озарбайжонга совға қилган мактабнинг очилишида иштирок этамиз. Бу Қорабоғни тиклашда хорижий давлатнинг биринчи совғаси бўлиб, биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз. Бу мактаб ҳақиқатан ҳам шундай таълим саройи эканини айтмаса ҳам бўлади. Май ойида Фузулида бўлиб, бунёдкорлик ишлари билан танишдим, Ўзбекистон бизга кўрсатган биродарлик совғаси кўламини ўз кўзим билан кўрдим. Мактаб ўзбек халқининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек номи билан аталади ва ишончим комилки, у нафақат таълим, балки дўстлик ва биродарлигимизнинг яна бир маркази бўлади», — деди Илҳом Алиев ОАВ вакиллари билан суҳбатда.