Қирғиз-қозоқ чегарасида юзлаб юк машиналарининг тўпланиб қолганини сув таъминоти билан боғлашди

kaktus.media сайти фотосурати

20 августдан бери Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг катта навбати кузатилмоқда. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, 22 август куни «Ак-Тилек-автодорожний» назорат-ўтказиш пункти олдидаги Қирғизистон ҳудудидан чиқиш жойида 430 га яқин автомобиль тўпланиб қолган.

«Кеча Қозоғистондан Қирғизистонга 274 та автомобиль кириб келди», — дейилади Чегара хизмати хабарида. Бир кун аввал чегарачилар соат 09:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида Қозоғистон томони бор-йўғи учта машинани ўтказиб юборганини хабар қилишган.

«Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати томонидан ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган ва назорат-ўтказиш пунктлари доимгидек ишламоқда», — дейилади хабарда.

Қозоғистон расмийлари томонидан чегарадаги вазиятга доир расмий хабарлар берилмаган.

Юк ташувчилар содир бўлаётган воқеа сабабларини турли версияларда баён қилишмоқда, деб ёзади Kaktus.media. Улардан бирига кўра, қозоғистонлик чегарачилар гиёҳванд моддалар солинган юк машинасини қидираётган бўлса, бошқасига кўра, юк машиналарининг ўтишга рухсат этилмаётгани Қирғизистон Қозоғистонга суғориш суви етказиб беришни тўхтатгани билан боғлиқ.

Иккинчи версия кўп муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ирригация илмий-тадқиқот институти директори Улан Чортомбаев бунга муносабат билдириб, «қадрли қозоқ биродарлар»га мурожаат қилди.

Илмий-тадқиқот институти директорининг эслатишича, Қирғизистон баҳордан буён Қозоғистонга Киров ва Орто-Токой сув омборларидан узлуксиз сув етказиб бермоқда.

«Сувимиз қолмаган бўлса ҳам, икки давлат ўртасидаги келишув ва протоколлар бўйича ўз мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик», — дейди Чортомбаев.

Тадқиқот институти раҳбари Киров сув омборининг иккита суратини нашр этди, улардан бири баҳорда, иккинчиси — бошқа куни олинган.

Киров сув омборининг баҳорги ва ёзги тасвири

«Иккинчи сурат ҳозирги ҳолат. Сув йўқ. Агар сув йўқ бўлса, сизга нима берамиз? Бизда сув бору, атайлаб сув беришмаяпти, деб ўйламанг. Ҳозир 21 аср. Ҳамма нарсани сунъий йўлдош орқали кўриш мумкин. Бу сув тубида балиқлар қолган. Агар бу сувни қўйиб юборсак, барча балиқлар нобуд бўлади. Ваниҳоят, балиқниям яшашга ҳаққи бор», — дейди Чортомбаев.

У ҳамкорликни «қардошлик муносабатлари руҳида, бир-бирига тўсқинлик қилмасдан» давом эттиришга чақирди.

«Чегараларни ёпманг, аксинча, машиналаримизни тез-тез ўтказиб юборинг. Эртага яна сув керак бўладиган вақт келади. «Қаерда аҳиллик бўлса, ўша ерда фаровонлик мавжуд». Яхшиликка кўз юммайлик», – дея хулоса қилади ирригация илмий-тадқиқот институти директори.

ℹ️ Қирғизистон Қозоғистон томони билан келишилган ҳолда 10 августдан бошлаб Талас дарёси бўйида жойлашган Киров сув омборидан Қозоғистонга сув беришни тўхтатди. Бунга қозоқларнинг ўзларига ажратилган лимитнинг тугаши ва сув омборининг ўзида сувнинг камлиги сабаб бўлган. Бишкекнинг сувдан фойдаланиш имконияти йўқлигини Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулайменова ҳам тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, бу йил ёзда тоғларда анча паст ҳарорат кузатилган, бу эса музликларнинг эришига ва шунга мос равишда Киров сув омборига сув оқимининг кам бўлишига олиб келган.

«Гап сувнинг тўсилганида эмас, биз ҳамкорлар билан яқиндан ишлаяпмиз, масала шунчаки — сув йўқ. Уларда ҳам йўқ», — дейди Сулейменова.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ