Бу йил қурғоқчилик туфайли Қозоғистонда ғалла ҳосили белгиланганидан кам бўлади, бироқ аҳоли нон тақчиллигини сезмайди. Бу ҳақда 22 август куни Бош вазир Алихан Смаилов ҳукумат мажлисида маълум қилди.
«Маълумки, ёз қуруқ келди, натижада бир қатор вилоятлар жабр кўрди. Ҳосил камроқ бўлади. Қурғоқчилик оқибатларини бир текисда бартараф этиш мақсадида тезкор чоралар кўрилди. Шу жумладан, давлат захирасидан маблағ ажратилади. «Байтерек» холдингига (давлат ва ҳукумат дастурларини амалга оширишнинг асосий оператори. – «Фарғона» изоҳи) қурғоқчиликдан жабр кўрган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг кредитлари бўйича қарздорликни узайтириш ва қайта тузиш масаласини ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳосил албатта етарли. Қозоғистонликлар нонсиз қолмайди», — деди Смаилов.
Бош вазир иқлим ўзгариши ва сув танқислиги қишлоқ хўжалиги учун жиддий муаммога айланиб бораётганини таъкидлади. Шу боис сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни кучайтириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиши, ҳудудларда сувни тежайдиган технологияларни фаол жорий этиш зарур.
Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевнинг сўзларига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудуд қамровида фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва фермерларнинг харажатларини қоплаш, субсидиялар тўлашни тезлаштириш ва кредитлар муддатини узайтириш бўйича иш олиб бормоқда.
Карашукеевнинг айтишича, айни пайтда дон экинларининг 45,1 фоизи (7,8 миллион гектар) яхши ҳолатда, 46 фоизи қониқарли (8 миллион гектар) ва 7,5 фоизи ёмон аҳволда (1,3 миллион гектар).
«Шу билан бирга, асосан Павлодар вилоятида 181 минг гектар ёки дон экинларининг 1 фоиздан камроғи нобуд бўлди. Бу кўрсаткич узоқ муддатли ўртача 2,4% дан паст эканлигини таъкидлаймиз. Шунингдек, Қирғизистон Республикасидан оз миқдорда сув келиши сабабли, Жамбил вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, қарийб 7,8 минг гектар, шу жумладан қанд лавлаги каби ижтимоий аҳамиятга эга экиннинг 1,2 минг гектар майдони зарар кўрган», — дея Қишлоқ хўжалиги вазири сўзларидан иқтибос келтиради Kazakhstan Today.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Карашукеевга берилган нон нархи кўтариладими, деган саволга вазир бунинг учун ҳеч қандай асос йўқ, деб жавоб берди.
«Истеъмолчиларимиз нуқтаи назаридан вазият барқарор. Ун, нон ва нон маҳсулотлари нархининг ошишига ҳеч қандай сабаб йўқ», — дея расмий сўзларидан иқтибос келтирган «Казинформ».
ℹ️ Қирғизистон Қозоғистон томони билан келишилган ҳолда 10 августдан бошлаб Талас дарёси бўйида жойлашган Киров сув омборидан Қозоғистонга сув беришни тўхтатди. Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, 17 июль куни Қозоғистон 18 июлдан 31 июлгача бўлган даврда сув таъминотини сониясига 40 дан 45 куб метргача оширишни сўраган. Қирғизистон томони истеъмол ортиши билан Қозоғистоннинг 3,54 миллион куб метрлик улуши 4 августга қадар тугаши ҳақида огоҳлантирган. Юқоридаги ҳисоб-китоблар ва далилларга қарамай, Қозоғистон томони илтимос қилишда давом этган. Натижада Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Галидулла Азидуллин ва Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги хизмати директори Алмазбек Сокеев ўртасида август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб протокол имзоланган. Унга кўра, Қозоғистон томонига сув берилмайди, бироқ Киров сув омборига сув оқими кўпайган тақдирда бу масала қайта кўриб чиқилади.
«Афсуски, бугунги кунда сув омборида сув оқими секундига атиги бир куб метрни ташкил этади, сув оқимининг ошиши кузатилмаяпти. 2022 йили сув оқими секундига 13,7 куб метрни ташкил қилганди. Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон Талас каналидан коллектор-дренаж тармоғи орқали давлат чегараси бўйлаб секундига 5 дан 8 кубометргача сув олиш имкониятига эга», — дейилади Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 13 августдаги хабарида.
ℹ️ Кейинроқ Қирғизистонда сувни бўлишиш имконияти йўқлигини Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулайменова ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу йил ёзда тоғларда анча паст ҳарорат бўлган, бу эса музликларнинг кам эришига ва шунга мос равишда сув омборига сув қуйилишига олиб келди.
«Жумладан, июль ойида ўз ҳисоботимда Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги Талас дарёсидаги Киров сув омборига сув оқими секундига 1,5 кубометрни ташкил этганини, 2022 йилнинг шу даврида эса секундига 65-68 кубометрни ташкил этганини айтгандим», — деб тушунтирди Сулейменова.
Унинг сўзларига кўра, Киров сув омборида ҳам, Ортиқол сув омборида ҳам сув деярли тугаган.
«Гап сувнинг тўсилганида эмас, биз ҳамкорлар билан яқиндан ишлаяпмиз, масала шунчаки — сув йўқ. Уларда ҳам йўқ.
Ҳозирда сув оқими секундига 1 кубометрни ташкил этяпти, тахминан шу миқдорда Киров сув омборидан сув чиқмоқда, аммо бу ҳажм дарё тубида йўқолиб кетяпти. Яъни, бугунги кунда сув ҳақиқатан ҳам сув хўжалигидаги оғир вазият туфайли етиб келмаяпти», — дея Экология вазирлиги раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Total.kz.