Самарқандда хот-дог истеъмолидан эллик киши заҳарланди

STV сюжетидан кадр

Самарқандда 21 август куни умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида хот-дог харид қилган ўнлаб одам ўзини ёмон ҳис қилган. Бу ҳақда STV телекомпанияси хабар беради.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига заҳарланиш белгилари билан 49 нафар фуқаро мурожаат қилган. Аниқланишича, уларнинг барчаси Рудакий кўчасидаги умумий овқатланиш марказидан сотиб олинган хот-догларни ейишган. Мазкур овқатланиш масканининг иши тўхтатилган, у ердаги маҳсулотлардан намуналар олиниб, таҳлил қилиш учун лабораторияга юборилган.

Шифокорларнинг маълумотларига кўра, ҳозирга келиб заҳарланиш аломатлари билан ётқизилган 29 нафар беморга жавоб берилган, қолган 20 нафари шифохонада даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

ℹ️ Ўзбекистонда оммавий овқатдан заҳарланиш ҳолатлари аввали ҳам бир неча бор қайд этилган. Масалан, август ойи бошида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Тошпўлат ота» ресторанида бўлиб ўтган тўй маросимидан сўнг 42 киши касалхонага ётқизилган эди. Маълум бўлишича, заҳарланишга бир кун аввал уйда тайёрланиб, музлатгичда сақланмаган майонезли салатлар сабаб бўлган.

Июнь ойи охирида Жиззах вилоят юқумли касалликлар шифохонасига бир ошхонага ташриф буюрганидан кейин соғлиғи ёмонлашган 57 нафар фуқаро мурожаат қилган. Ўтган йил июль ойида Андижон вилоятида фастфуддан оммавий заҳарланиш содир бўлган эди: 37 киши шикоят билан касалхонага мурожаат қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ