Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 21 август куни кечқурун Сирдарёдаги кўприк яқинида бирданига 11 киши чўкиб кетган. Уларнинг беш нафари болалардан ва олти нафари катталардан иборат бўлган, дея хабар беради Tengrinews вилоят ҳокимлигига таяниб.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, 21 август куни соат 18:00 да мазкур мудхиш вақеа ҳақида маҳаллий аҳолидан хабар келиб тушган.
Маълум бўлишича, дарё қирғоғидаги 20 кишидан 11 нафари чўкиб кетган.
Ҳозирга қадар қутқарувчилар саккиз нафар жасадни сувдан чиқариб олишган, қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда. Тахминларга кўра, ҳали топилмаган одамларнинг учтадан иккитаси болалардир. Ҳокимият томонидан ишларга 144 нафар қутқарувчи, 16 та техника ва олтита сузиш мосламаси жалб қилинган.
Ҳокимият маълумотларига кўра, қурбонларнинг барчаси бир оила аъзолари ёки исм-шарифлари бир ҳил одамлар. Аниқланишича, бир неча ака-ука ва қариндошлар байрам тадбиридан қайтаётиб, Сирдарё яқинида дам олишга қарор қилишган. Аммо улар чўмилиш учун мос бўлмаган жойни танлашган, қирғоғи сирпанчиқ ва чуқурлик дарҳол бошланадиган жойни танлашган.
«Эҳтимол, улардан бири қоқилиб кетган, бошқалари эса уни қутқариб қолишга уринишган ва чўкиб кетгандир. Кўринишидан, одамлар қирғоқ бўйлаб юришган ва йиқилиб тушишган, чунки уларнинг ҳаммаси кийимда бўлган», — дейилади Туркистон вилояти маъмурияти матбуот хизмати хабарида.
Расмийлар қурбонларнинг уйларига ташриф буюришгани, яқинларига ҳамдардлик билдиришгани ва оилаларга тегишли ёрдам кўрсатишини маълум қилишганини қўшимча қилишган.