Ўзбекистонда 1 октабрдан бошлаб тадбиркорлар давлат тасарруфидаги табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда уларнинг атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ижарага олишлари мумкин. Бундай чоралар Президентнинг «Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун ижарага берилади.
Янги қоида ижара шартномаси тўлиқ бўлмаган сув омборларига, шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимига тааллуқли бўлмайди.
2023-2024-йиллари ўнта сув омборида – «Андижон», «Тўпаланг», «Оҳангарон», «Зомин», «Қамаши», «Чимқўрғон», «Пачкамар», «Чортоқ», «Хўжикент» ва «Ғазалкент»да балиқчилик ҳамда қирғоқбўйи туризми объектларини ташкил этиш кўзда тутилган.
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги ташкилотларга (июль ойи охирида Туризм бўйича қўмита ташкил этилган) берилиши лозим бўлган табиий сув объектлари рўйхатида умумий майдони деярли 7 минг гектар бўлган 186 кўл ва сув ҳавзалари мавжуд. Улар Ўзбекистоннинг олти вилоятида жойлашган бўлса, кўплари – 120 таси Қорақалпоғистонда, 42 таси Хоразм вилоятида, 10 таси Тошкентда, 9 таси Қашқадарёда, 4 таси Сурхондарёда, биттаси Самарқандда жойлашган.
E-auksion электрон тизими орқали сув ҳавзалари ва улар атрофидаги ерларни ижарага олиш мумкин. Ижарачилардан олинган маблағлар Экология жамғармаси, Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулкидан самарали фойдаланиш маркази ўртасида тақсимланади.
Худди шу қарорда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорларга 50 миллион сўмгача (4 минг АҚШ долларидан ортиқ) гаровсиз кредит ажратиш кўзда тутилган. Сув хўжалиги вазирлигига балиқ етиштириш билан шуғулланувчи оилаларни сув билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.
2024 йили ушбу ва бошқа чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда 900 минг тонна балиқ етиштирилиши кутилмоқда. Ўтган йили балиқчилик тармоғида 502 минг тонна балиқ етиштирилганди.