Ўзбекистон бизнес ва нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари Украинага 10,5 тонна гуманитар юк жўнатишди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко маълум қилди.
Гуманитар ёрдам 18 август куни ўз манзилига етиб борган ва уни Украина-Ўзбекистон дўстлиги халқаро жамияти раиси Любомир Башинский қабул қилиб олган. Ўзбекистонликлар умумий қиймати 785,8 минг гривна (21,3 минг доллар) бўлган қишки, спорт ва болалар пойабзаллари, аёллар ва болалар учун трикотаж буюмлар, шунингдек 157,8 минг гривнага (тахминан 4,30 минг доллар) тиббий шприцлар, тиббий пахта ва инфузион тизимлар жўнатишган.
Гуманитар ёрдам Львов вилоятининг Дрогобич тумани маъмуриятининг ижтимоий сиёсат бўлимига, шунингдек Львов вилоят кенгашининг махсус тиббий буюмлар билан таъминлаш бўлимига берилган.
«Бундай инсонпарварлик акцияси иштирокчиларига самимий миннатдорлик билдираман, шунингдек, жаноб Башинскийга амалга оширилган ишлар учун алоҳида миннатдорчилик билдираман», — деб ёзади Николай Дорошенко.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 16 август куни Ўзбекистонга бир гуруҳ украиналик болалар таътил учун келишганди. Харьков, Херсон, Николаев, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва Киевдан келган 45 нафар болалар «Анор» лагерида 12 кун дам олишади. Дорошенконинг сўзларига кўра, бу ташрифни ҳам ўзбек бизнеси ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари уюштирган.
ℹ️ 2022 йил 24 февралда Россия томонидан Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказилиши эълон қилинганидан кейин Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами Украинага ўша йилнинг март ойида етиб келганди. Дорошенко хабар қилганидек, Ўзбекистондан 28 тонна юк – дори-дармон, боғловчи материаллар ва бошқа кўплаб нарсалар жўнатилган.
Навбатдаги ёрдам апрель ойида уюштирилди: Ўзбекистондан келган дори-дармонлар, индивидуал дори воситалари ва узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқатлардан иборат 34 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами Украина ҳукумати томонидан Закарпат вилоятига жўнатилди.
2022 йил июнь ойида Закарпат вилоятига Ўзбекистондан 1 миллион долларлик 19 минг тоннадан ортиқ дори воситалари, антибиотиклар ва витаминлар, жами 200 минг донадан ортиқ 12 номдаги дори воситалари юборилган.