Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари лавозими тугатилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келган Сардор Умурзоқов Президентнинг алоҳида топшириқлар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Шунингдек, Суннатилла Бекенов Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари ёрдамчиси лавозимидан озод этилган.
Фурқат Раҳимов ҳам Президент администрациясининг Ижро этувчи аппарати таҳлилий материалларни тайёрлаш ва администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси мудири лавозимидан озод этилган.
Президент Администрацияси тузилмасида қатор ўзгартиришлар киритилган, тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
ℹ️ Сардор Умурзоқов 1977 йил 23 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети (ТДИУ) Халқаро молия ва банк иши факультети ва Рэдинг университети (Буюк Британия) магистратурасини тамомлаган. Ўзбекистон ва хорижда банк тизимида ишлаган. 2019 йил январь ойида Президент фармони билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган. 2020 йил март ойида у Бош вазирнинг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимини эгаллаган. Умурзоқов 2022 йил июль ойида Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинланган.