АҚШ Молия вазирлиги Шимолий Кореядан Россияга қурол етказиб берган Қозоғистон компаниясига қарши санкциялар жорий қилди

plusworld.ru сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлиги қошидаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Қозоғистонда рўйхатдан ўтган Defense Engineering компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. АҚШ департаменти маълумотларига кўра, ушбу компания Шимолий Кореядан Россияга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича битимларда иштирок этмоқда, деб хабар беради Молия вазирлиги ўз сайтида.

Ушбу компания ҳақида шу нарса маълумки, у 2018 йили Остонада рўйхатдан ўтган.

Шу билан бирга, OFAC яна иккита корхона — Россиянинг «Верус» МЧЖ ва Словакия Versorига қарши санкциялар киритган. Уларнинг барчаси КХДР билан «алоқа»да бўлгани ва ушбу мамлакатдан Россия Федерациясига АҚШ томонидан аввалроқ Шимолий Кореяга қўйган чекловларни бузган ҳолда 20 турдаги қурол-яроғ етказиб беришга ҳисса қўшган. Қайси турдаги ҳарбий маҳсулотлар ҳақида гап бораётганига аниқлик киритилмаган.

Қизиғи шундаки, учала активнинг барчаси асли озарбайжонлик ва Словакия фуқароси бўлган тадбиркор Ашот Мкртичевга тегишли. Маълумки, тадбиркор жорий йил март ойидан бери АҚШ Молия вазирлиги томонидан шахсий санкциялар остида бўлган.

АҚШ Молия вазири ўринбосари Брайан Нельсон Қўшма Штатлар «Россия ҳарбий машинасига Шимолий Корея қуролларини етказиб беришга ёрдам берувчи ноқонуний молиявий тармоқларни йўқ қилишда» давом этишини қўшимча қилди.

Марказий Осиё республикалари компаниялари бундан олдин ҳам OFAC санкцияларига дучор бўлганди. Шундай қилиб, июль ойида бошқарма Қирғизистонда жойлашган тўртта корхонани тегишли рўйхатга киритганди. Америкаликларнинг фикрича, улар белгиланган чекловларни четлаб ўтиб, Россия саноати эҳтиёжлари учун асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни етказиб беришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ