«Тошкент-Шарқий» аэропорти ҳудуди 130 гектарга қисқартирилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қурилаётган «Тошкент-Шарқий» аэропорти ҳудуди 130 гектарга қисқартирилади, бу эса уни таъмирлаш харажатларини камайтиради. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

16 август куни Шавкат Мирзиёевга унинг июль ойидаги аэропортга ташрифи чоғида билдирилган мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда аэропортнинг якуний бош режаси тақдим этилди. Ўшанда давлат раҳбари матбуот хизмати аэропорт ҳудуди 693 гектарни ташкил этишини маълум қилганди.

2023 йил августига келиб аэропортда 4 километрлик учиш-қўниш йўлаги қурилган.

«Бу ерда 2 та – юқори мартабали меҳмонлар учун ҳамда бизнес-авиация терминали бўлади. 25 та самолёт учун тураргоҳ, ангарлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилади», — деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.

ℹ️ Илгари «Тошкент-Шарқий» аэродромида Чкалов авиация заводининг (ТАПОиЧ) парвоз синов станцияси ва ҳарбий транспорт авиацияси жойлашган эди. Бу ерда замонавий фуқаролик (бизнес) авиация аэропорти мажмуасини қуриш тўғрисида қарор 2017 йил июнь ойида қабул қилинганди. Унинг очилиши 2020 йилга режалаштирилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ