Қозоғистон Энергетика вазирлиги бўлажак атом электр станцияси жойини аниқлади

informburo.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини (АЭС) Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи ҳудудида қуришга қарор қилинди. Бу ҳақда 17 август куни Республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Энергетика вазирлиги «Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, атом иншоотлари қурилиши участкаси тўғрисидаги қарор маҳаллий вакиллик органларининг (маслиҳат) розилиги билан мамлакат ҳукумати томонидан қабул қилинишини эслатиб ўтди. Олмаота вилояти маслиҳати 2022 йил ноябрь ойида туман аҳолисининг кўмаги билан қурилишга розилик берган.

Энергетика вазирлиги Қозоғистонда атом электр станциясини қурадиган компания ҳақида ҳали қарор қилганича йўқ. Ядровий технологияларни потенциал етказиб берувчиларнинг «қисқа рўйхати» тўртта даъвогарни ўз ичига олади:

👉 Хитойнинг CNNC компанияси APR-1400 реактори билан;

👉 APR-1400 реакторли Кореянинг KHNP компанияси;

👉 ВВEР-1200 ва ВВEР-1000 реакторлари билан Россиянинг «Росатом» компанияси;

👉 EPR-1200 реакторли французларнинг EDF компанияси.

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи ўтган аср охиридан бери муҳокама қилинади. Ўшанда ҳам, келажакда ҳам, электр станцияси учун энг кўп афзал топилган жой Улкен аҳоли пункти эди.

«У ерда 500 киловольтлик линияларнинг энг кенг тармоғи, «ЮКГРEС 500» асосий подстанцияси жойлашган, бу жой жуда қулай. База қувватини у ерга жойлаштиришда шимолдан жанубга электр энергияси транзитини барқарорлаштириш таъминланади ва бу энергияни Марказий Қозоғистонга, яъни Қарағандага ва шимолий-жанубий транзит бўйлаб Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига қайта тақсимлаш имконияти таъминланади»дея тушунтирганди 2021 йил охирида «Самрук-Казина» жамғармаси раҳбари Алмасадам Саткалиев.

ℹ️ Улкен — Балхаш кўли соҳилидаги кичик қишлоқ ҳисобланади. Бу қишлоқ 1980 йиллари ҳукумат бу ерда Жанубий Қозоғистон давлат электр станциясини қуришга қарор қилганида пайдо бўлган, аммо режалар амалга ошмаган. Қозоғистон матбуотига кўра, ҳозир қишлоқ абгор аҳволда кўринади. «Азаттиқ» радиоси (Россияда чет эл агенти сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қозоқ хизмати) Улкен «пост-апокалиптик фильмни суратга оладиган жойга ўхшайди: вайронага айланган бинолар, кимсасиз кўчалар, деярли ҳеч нарса ўсмайдиган шўр тупроқ», дея тарифлаган. Улкендаги кўп уйлар бўм-бўш. Қишлоқда иш йўқ, дея хабар беради InformБЮРО, уй-жой нархи атом электр станцияси қурилиши ҳақидаги хабар пайдо бўлгандагина кўтарилади. Tengrinews.kz нашри ўз навбатида Улкен «арвоҳга ўхшайди», аммо маҳаллий аҳоли уни «барибир яхши кўради» деб ёзганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ