Узоқ хориждан ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Қозоғистонга ўртача 1500 доллар даромад келтиради

vecher.kz сайти фотосурати

Узоқ хориждан келган ҳар бир сайёҳ Қозоғистонга ўртача 1500 доллар даромад келтиради. Бу ҳақда Миллий банк маълумотларига таяниб, Туризм саноати қўмитасининг Тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бошқармаси бош эксперти Нуртас Байларов маълум қилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2022 йили Қозоғистонга 1 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Натижада 389 миллиард тенге (тахминан 845,6 миллион доллар) миқдоридаги туризм фаолиятидан олинадиган солиқлар бўйича рекорд натижа қайд этилган. Турар жой (меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинг ва шу кабилар) 183 миллиард тенге (398 миллион доллар) ишлаб топган.

Байларовнинг қўшимча қилишича, ҳар бир чет эллик сайёҳ Қозоғистонда иккитадан иш ўрни яратади. Натижада, спорт маданияти вазири ўринбосари Ержан Еркинбоев сўнгги икки йилда мамлакатда туризм соҳасида банд бўлганлар сони сезиларли даражада ошиб, қарийб 500 минг кишига етганини таъкидлади.

«Маданият ва спорт вазирлиги 2029 йилгача туризм соҳасида 800 минг кишини иш билан таъминлашни режалаштирмоқда», — деди вазир ўринбосари.

2023 йил охиригача Қозоғистонга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 1,4 миллион кишидан ошиши кутилмоқда. Ёз бошидан буён уларнинг сони 3 баробарга ошган. 2030 йилга бориб мамлакат ҳукумати хорижий сайёҳлар сонини йилига 4 миллион кишига етказишни режалаштирган.

Жорий йилнинг январь-март ойларида Қозоғистонга 227,7 минг нафар чет эллик ташриф буюрган. Бу 130 минг кишига ёки ўтган йилнинг биринчи чорагига (97 минг) нисбатан 2,3 баробар кўпдир.

ℹ️ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) ҳисоботига кўра, 2022 йили 963 миллион киши дунё бўйлаб кезган, туризмдан тушган даромад 1,12 триллион долларни ташкил қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ