Журналист Сандугаш Дуйсеновага нисбатан шахсий дахлсизлик ва шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузганлик факти бўйича қўзғатилган жиноят иши тугатилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Жетису вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати хабарига кўра, 14 август куни вилоят прокурори Мадияр Басшибаев журналистни қабул қилиб, унинг жиноий жавобгарликка тортиш бўйича важларини тинглаган. Шундан сўнг бошқарма ходимлари ишни яна бир бор синчиклаб ўрганиб чиқишган.
Маълум бўлишича, тергов қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда шахсий маълумотларнинг ошкор этилиши туфайли жабрланувчига жиддий зарар етказилганлигини тасдиқловчи етарлича фактларни тақдим этмаган.
Шу муносабат билан Толдиқўрғон шаҳар прокурори Дуйсенованинг қилмишида жиноий ҳуқуқбузарлик мавжуд эмаслиги сабаб терговга қадар текширувни тўхтатган.
Бироқ, маҳаллий назорат органида қайд этилганидек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шахсий маълумотларни ноқонуний йиғиш учун жавобгарликни назарда тутади.
«Шунинг учун материаллар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли органга юборилди», — дея хулоса қилади Жетису вилояти прокуратураси.
КазТАГ хабарига кўра, Дуйсенова 11 август куни кечқурун шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганликда (Жиноят кодексининг 147-моддаси) гумон қилиниб, қўлга олинган ва вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Журналист аёлнинг ўзи жиноий жавобгарликка тортилишига унинг нашри сабаб бўлган деб ҳисоблайди, унда у қамоқда сақланаётган Жетису вилояти фаолининг қотили Бейбит Мухаметалин СТИРини кўрсатган.
Эртаси куни эрталаб Дуйсенова гаров эвазига озод қилинган. Бироқ, 13 август куни маълум бўлишича, вақтинчалик изоляторда полиция ходимлари ҳибсга олинган шахсни яланғоч ҳолда видеога олишган. Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларининг айтишича, бу билан хавфсизлик кучлари БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларга қарши конвенциясини бузган.
Кейинроқ республика ИИВ бошлиғи ўринбосари Марат Кожаев ўз қўл остидагилар Конвенцияни бузмагани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шахсий кўрикдан ўтказаётганда ҳатто юқори мартабали амалдорларни ҳам яланғоч ҳолгача ечинтиришини айтган. Улар бу вақтда шахсни видеога олишадими ёки йўқми, Кожаев аниқлик киритмаган.
Сандугаш Дуйсенова Жетису ва Олмаота вилоятида нозик ижтимоий масалаларни ёритувчи журналист сифатида танилган. Бундан ташқари, у ўтган йил январь воқеалари пайтида бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган, Талдиқўрғондаги намойишчилар томонидан бузилаётган майдонда ётган Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкали тасвирланган «Давр тугаши» суратининг муаллифи. Ушбу сурат туфайли Дуйсенова MediaCAMP Award 2022 халқаро танловида ғолиб чиққан.