Тожикистон шимоли-ғарбида «Ориёнбанк» ходимининг жасади топилди

Шуҳрат Исматуллоев. sugdnews.com сайти фотосурати

Тожикистон шимоли-ғарбидаги Пенжикент шаҳри яқинида 23 июнь куни ўғирлаб кетилган «Ориёнбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев жасади топилди. Бу ҳақда 15 август куни Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон маълум қилди, дея хабар беради «Азия-плюс».

Раҳмоннинг сўзларига кўра, Исматуллоевнинг жасади Панжакентдан 15 км узоқликда дарё ўртасидаги Саразм номли кичик оролда топилган. Раис ўринбосарининг шахси унинг тишларини даволаган стоматологнинг хулосаси билан аниқланган.

«Шахсни аниқлаш учун бошқа экспертизалар тайинланди, яқин кунларда батафсил маълумот берилади», — деган прокурор.

ℹ️ Шуҳрат Исматуллоев «Тожик Эйр» авиакомпанияси собиқ бош директори Дилшод Исматуллозоданинг укаси, шунингдек «Ориёнбанк» раҳбари Ҳасан Абдуллозодага яқин шахс, у эса ўз навбатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг қариндоши ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, узоқ йиллар молия ташкилоти раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Исматуллоев аслида унинг раҳбари бўлган.

Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, 23 июнь куни кечқурун Душанбе шаҳрининг Закариёи Рўзи кўчасида номаълум тўрт нафар шахс Исматуллоевга ҳужум қилиб, ойналари тўлиқ қорайтирилган, қора рангдаги Hyundai Sonata русумли автомашинага ўтиришга мажбурлаган. Кузатув камераларига кўра, автомобиль Лучоб ва Чағатой маҳаллалари ҳудудидан ўтиб, шаҳарни тарк этган. Ички ишлар вазирлиги молиячининг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 30 минг доллар таклиф қилган.

7 июль куни Тожикистон Бош прокуратураси Исматуллоев хавфсизлик хизмати ходими Дилшод Саидмуродов (Дилшоди С.Б.) томонидан тузилган ва камида ўн кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ қурбонига айлангани ҳақида хабар берди. Ўғирлаб кетилган кечаси молиячини автофен ва бошқа воситалар билан қийнашган, сўнг ўлдириб, жасадини Зарафшон дарёсига улоқтиришган.

Мазкур иш бўйича беш киши қўлга олинган, уюшган жиноий гуруҳнинг яна тўрт нафар аъзоси Тожикистонни тарк этишга муваффақ бўлган. Икки нафари, жумладан Саидмуродов Россияга, учинчиси Туркияга учиб кетган. Тўртинчиси Рустам Ашуров 30 июнь куни Кишинёв аэропортининг икки ходимини отиб ўлдирган, бир неча кундан сўнг эса қўлга олиш вақтида олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Бир неча кундан сўнг ОАВда Ашуровнинг онаси билан мулоқоти акс этган видео пайдо бўлди (ёзувларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган). Видеоқўнғироқлардан бирида Ашуров одам ўғирлаш ва ўлдиришда шерик бўлганини тан олган. Унга кўра, Дилшоди С.Б. исмли шериги жабрланувчини қийноққа солиб ўлдирган, Ашуров жасадни Варзоб дарёсига улоқтирган.