Қозоғистон қорақалпоқ диаспорасининг икки вакилига қочқин мақомини беришдан бош тортди

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакиллари. vlast.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати қорақалпоқ диаспорасининг икки вакили Қўшқарбай Торемуратов ва Жангелди Жаксимбетовга қочқин мақомини беришдан бош тортди. Ҳар икки фаол ўтган йили Ўзбекистон талабига биноан ҳибсга олинган, улар мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган, деб «Власть».

Қочқин мақомини бериш, узайтириш, тугатиш ва ундан маҳрум қилиш тартибини амалга ошириш бўйича комиссия 31 июль куни фаоллар аризасини рад этган, бироқ бу бугунги кунда маълум бўлди.

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратов журналистларга комиссиянинг бундай қарори олдиндан кутилганини айтди, чунки унинг сўзларига кўра, Остона 2011 йилдан бери «бундай ҳолатлар» бўйича бирорта ҳам шахсга бошпана бермаган. Унинг қўшимча қилишича, қўлга олинганлар суд орқали қочқин мақомини сўрашда давом этишади.

Муратов қозоқ ҳукумати қорақалпоқларнинг сиёсий сабабларга кўра қийноқ ва таъқибларга учрайдиган Ўзбекистонга эмас, балки учинчи давлатга кетишига рухсат беришига умид билдирди.

«Ўзбекистон расмийлари томонидан қўйилган айбловлар мазмунан кулгили – уларни [фаоллар] Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари билан боғлашган, гарчи уларнинг ҳаммаси жисмонан Қозоғистонда бўлишган. Айбловларда улар жисмонан Қорақалпоғистонда бўлгани ва норозилик намойишлари уюштиргани айтилади. <...> Улар шунчаки ўзларининг фуқаролик позициясини, Конституцияга Ўзбекистон ҳукуматининг ўзлари томонидан охир-оқибат бекор қилинган ўзгартиришларга қарши эканликларини билдиришган»,дея таъкидлайди Муратов.

Унинг эслатишича, Қозоғистонда диаспоранинг яна уч вакили – Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Йўлдошева ҳибсга олинган. Бу фаоллар ҳам қочқинлик мақомини олиш учун ариза беришган, бироқ Қозоғистон расмийлари бу илтимосни қондира олмайди.

Қозоғистонда қорақалпоқларнинг ҳибсга олиниши фонида диаспора раҳбарлари ўтган йил декабрь ойида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқ хат ёзишган эди. Унда улар давлат раҳбаридан Қозоғистон ҳудудида «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови ва бевосита иштирокида» этник қорақалпоқларга нисбатан таъқиб қилинаётганига эътибор қаратишни сўрашган.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда хорижда яшаётган қорақалпоқлар устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Иш бўйича айбланувчилар «Алга Қорақалпоғистон» партияси етакчиси Аманбай Сагидуллаев (доимий Норвегияда яшайди) ва Қозоғистоннинг Манғистау вилояти қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси Ниетбай Ўразбаев тергов версиясига кўра, ўтган июл ойида Нукусдаги тартибсизликларда иштирок этишган. Натижада Сагидуллаев сиртдан 18 йилга, Ўразбаев 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

ℹ️ 2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.

Мазкур ишда жами 171 киши айбланмоқда. Ноябрдан мартгача иккита суд жараёни бўлиб ўтди, унда айбланувчилар 3 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум қилинди, баъзилари эса озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ