1 сентябрдан бошлаб Қозоғистоннинг барча мактабларидаги бошланғич синф ўқувчилари бепул овқатланадилар. Бу ҳақда республика Таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кам таъминланган оилаларнинг катта синфда ўқийдиган болалари бепул овқат билан таъминланадилар. Мамлакатда бу тоифадаги болалар сони 1,5 миллиондан ортиқ, 1 дан 4 синфгача бўлган ўқувчиларнинг сони ҳам шу миқдорда экани аниқланган.
Қозоғистонда болаларнинг бепул овқатланиши ўртача 577 тенгени (1,3 долларга), Олмаотадаги мактаблардаги максимал нарх — 800 тенгени ($ 1,8) ташкил этади.
Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқармаси раҳбари Дана Мактаеванинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида бепул овқатланиш мактабларнинг 56,6 фоизини қамраб олган. Остона, Олмаота, Шимкент, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Улитау, Қизилўрда ва Атирау вилоятлари болалари бепул овқат билан таъминланган.
Бундан олдинроқ, 2023/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши хабар қилинганди.