Масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун фавқулодда режимга ўтади

yuz.uz сайти фотосурати

11 августдан Ўзбекистон энергетика соҳаси раҳбарлари ва ҳокимлар энергия тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида фавқулодда ҳолат режимига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев табиий газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.

Апрель ойида республиканинг ҳар бир вилояти ва шаҳрида энергетика соҳасидаги аҳволни ўрганиш натижасида 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тежаш бўйича ҳудудий дастурлар қабул қилинди. Бироқ, улар ҳамма жойда ҳам амалга оширилмаяпти. Масалан, Тошкент вилоятида 40 миллион куб метр, Тошкентда 19 миллион, Самарқандда 13 миллион, Хоразмда 3,5 миллион кубометр газ режадан ташқари истеъмол қилинган.

«Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган», – деди президент.

Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион кВт/соат электр энергияси ва 290 миллион куб метр газ ноқонуний истеъмол қилинган, саноат корхоналарига 355 миллиард сўм (30 миллион доллардан ортиқ) зарар етказилган.

«Бош прокуратура ва Энергия инспекцияси тизимига катта ваколат ва ресурслар берилган, лекин улар йўқотишларни олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашяпти», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар идораларини қайси ҳудудда электр энергияси ўғирлаш, мавжуд бўлмаган қарздорлик борасида одамлар кўп шикоят қиладиган бўлса, электр ва газ таъминоти корхоналари раҳбарлари билан биргаликда жавобгар бўлишлари ҳақида огоҳлантирди.

«Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур», — деди Мирзиёев.

Президент қуйидаги вазифаларни топширди:

👉 иккинчи ярим йилликда 30 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш ва 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш, уларни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш;

👉 ер ости газ омборларида газ захирасини камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш;

👉 1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш;

👉 ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш;

👉 куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш;

👉 йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш;

👉 йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш.

Президент қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш дастурига алоҳида тўхталиб ўтди.

Унга кўра, жорий йилнинг етти ойида мамлакатда 430 МВт қувватга эга қайта тикланадиган энергетика объектлари ишга туширилган.

Улар йилига 1,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга, бу эса ижтимоий соҳа объектларининг йиллик истеъмолининг 60 фоизини ташкил этади. Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада бундай иншоотларга қуёш батареяларини ўрнатиш бўйича йиллик режа бажарилган. Ваҳоланки, қатор туманларда панелларни ўрнатиш режаси атиги 5-20 фоизга бажарилган.

Ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари ва аҳоли хонадонларига умумий қуввати 250 МВт бўлган қуёш батареялари ўрнатилган. Президент яна шунча миқдорда ўрнатиш бўйича топшириқ берди.

ℹ️ Ўтган куз-қиш мавсумида Ўзбекистон жиддий энергетика инқирозига дуч келганди: кескин совуқ тушиши ва қор ёғишидан сўнг уйлар ва бошқа биноларни иссиқлик билан таъминлаш ортидан мамлакатда газ ва электр энергияси истеъмоли кескин ошиб кетди. Республика энергетика тизими истеъмол ҳажмларига бардош бера олмади, аҳолининг норозилиги кучайганди.

Энергетика соҳасидаги муаммоларни тезкор ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат ишчи гуруҳи тузилди. Профил бўлимларида кечаю кундуз штаблар ташкил этилди. Ўзбекистон ҳукумати газ экспортини бутунлай тўхтатиб, энергия ресурсларини импорт қила бошлади. Бир неча энергетика корхоналари раҳбарлари ҳибсга олинди, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматовга эса қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун танбеҳ берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ