Қозоғистонлик бизнесмен Орифжон Шодиевга фирибгарлик иши бўйича берилган жазо енгиллаштирилди

Орифжон Шодиев. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Апелляция суди қозоғистонлик тадбиркор Орифжон Шодиев ва унинг ёрдамчиси Михаил Соловьёвнинг Asia Credit Bankга етказилган миллиардлаб зарар бўйича ҳукмини ўзгартирди. Бу ҳақда Олмаота шаҳар суди матбуот хизматига таяниб, Kursiv.kz хабар берди.

Шодиевнинг бир ярим йиллик ҳақиқий муддати икки йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди. Шунингдек, унга умрбод молиявий ташкилотларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ва уларнинг асосий иштирокчиси бўлиш тақиқланган. Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилди. Шу билан бирга, Vlast.kz хабарига кўра, тадбиркорга нисбатан синов назорати ўрнатилган — унинг хулқ-атворини назорат қилувчи ваколатли органни огоҳлантирмасдан доимий яшаш жойини ўзгартириши тақиқланган.

Соловьёвга бир ярим йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унга нисбатан ҳам худди шундай шартли назорат ўрнатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Суд қарори 10 август куни кучга кирган.

Июль ойида Олмаота шаҳрининг Олмали туман суди Шодиевни Asia Credit Bank га етказган 16,7 миллиард тенге (37,6 миллион доллар) миқдоридаги зарар учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилганди. Тадбиркор «ваколатларни суиистеъмол қилиш» моддаси (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддаси 2-қисми) бўйича судланган.

Тергов маълумотларига кўра, Шодиев 2019 йили Asia Credit Bank га эгаси Нурбол Султон билан банк акцияларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Бироқ, бунинг учун бешта компаниянинг кредитини тўлаш керак бўлган. Шодиев қарз мажбуриятларини (16,7 миллиард тенге) ўз зиммасига олади ва акцияларни сотиб олади. Қарзлар Олмаотадаги еттита ер участкаси билан кафолатлаган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 25 миллиард тенгедан (56 миллион доллар) ошган. 2021 йили Шодиев ва унинг ёрдамчиси Соловьёв уларни бозор қиймати 46,8 миллиард тенге (105 миллион доллар) қийматидаги сохталаштирилган битта участкага алмаштиришга қарор қилишган.

Судда Шодиев ўз айбини тўлиқ, Соловьёв қисман тан олган. Ҳукмга кўра, маҳкумлар банкка етказилган 16 миллиард тенге миқдоридаги зарарни қоплашлари керак бўлган. Ҳукумат маълумотларига кўра, AsiaCredit Bank АЖ тугатиш комиссияси фойдасига бирдамлик сифатида улардан 16 миллиард 699 миллион 303 минг 773 тенге (37,6 миллион доллар) ундирилган, шунингдек давлат фойдасига 50 млн 7 минг 911 тенге (112 000 доллар) миқдорида давлат божи ва Жабрланувчиларга товон тўлаш жамғармасига ҳар биридан 43 755 тенге (100 долларга яқин) миқдорида мажбурий тўлов ундирилган.

Орифжон Шодиев ENRC ҳаммуассиси ва эгаси Патох Шодиевнинг жияни. 2018 йили Forbes унинг бойлигини 177 миллион долларга баҳолаган. 2021 йили Шодиев Forbes журналининг «Қозоғистоннинг 50 та энг нуфузли бизнесменлари» рўйхатида 40-ўринни эгаллаган. Нашрга кўра, ўша пайтда Шодиев «One & Top», «PRIME System KZ» ва «Integra Construction KZ» (собиқ «Жол Жондеуши») компаниялари улушларига эга бўлган. «PRIME System KZ» орқали у Италиянинг Todini Costruzioni Generali қурилиш компаниясига эгалик қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ