Тошкентдаги ҳар бир дарахтга паспорт берилади ва унинг ҳолатига масъул шахс бириктирилади. Бу ҳақда 10 август куни Ўзбекистон пойтахти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
2030 йилгача Тошкент шаҳри ҳудудидаги яшил майдонлар 5000 га етказилиши мақсад қилинган. Бу борада ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, 2024 йилда ҳозирда мавжуд 900 га қўшимча 300 га кўкаламзор ҳудуд ташкил этилиб, яшил майдонлар 1100 гектарга, 2025 йилга 1400, 2026 йилда 1900, 2027 йилга 2500, 2028 йилда 3200, 2029 йилда 4000 гектарга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пойтахтида яшил майдонларни 5 минг гектарга кўпайтириш режалари президент Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди ташвиқоти даврида эълон қилинган эди. Унга кўра, ҳар йили шаҳар бўйлаб камида бир миллион туп манзарали ва мевали дарахт экилади. Яшнобод, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 4 минг гектар майдонда яшил ва тематик боғлар ташкил этилади.
Дарахтларни сертификациялаш 2020 йил март ойида ва бутун Ўзбекистон бўйлаб ўсимликларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда бошланиши режалаштирилган эди.
ℹ️ 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда «Яшил макон» дастури ишга туширилган бўлиб, унинг доирасида беш йил ичида мамлакатда бир миллиард дарахт экиш режалаштирилган. Орадан 3 ой ўтиб Мирзиёев дастур доирасида қўшиб ёзишлар юз бераётганини маълум қилди. Кейинроқ Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ҳамда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов кўчат экиш ҳақидаги ҳисоботларда миллионлаб долларлик соҳта ёзувлар борлигини тасдиқлади. Шунингдек, мутасаддиларнинг миллионлаб кўчатлар тақдирига бефарқлиги таъкидланди.
ℹ️ 2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса ушбу қонунни бузганлик учун жазо кучайтирилган. Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни йўқ қилиш давом этмоқда. Жумладан, 2022 йили Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси назорат инспекцияси ходимлари томонидан 4673 та дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланиб, бунинг учун 7 миллиард сўмдан (625 минг АҚШ доллари) ортиқ жарима солинган, табиатга 10 миллиард сўм (893 минг доллар) дан ортиқ зарар етказилган. Ҳуқуқбузарликлар асосан Қорақалпоғистон, Тошкент, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида содир этилган.