Док-1 Макс ҳинд сиропини қабул қилиш натижасида 65 бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда 10 август куни Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Унга кўра, ҳинд сиропи ичган болалар ўлими бўйича суд жараёни 11 август куни эрталаб соат 10 да бошланади. У жамоатчилик учун очиқ бўлади.
Айбланувчилар курсисида 20 дан ортиқ киши бор, улар авваллари Ҳиндистон дори воситаларини импорт қилувчи ва тарқатувчи Quramax Medical компанияси ходимлари ҳамда Дорилар, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникани экспертиза ва стандартлаштириш давлат маркази ходимларидир. Шунингдек, Quramax Medical компаниясига раҳбарлик қилган ҳиндистонлик 51 ёшли С. Р. П. ва ҳибсга олинишидан олдин бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказини бошқарган 41 ёшли С. К (Сардор Кариев назарда тутилади) айбланувчилар қаторидан ўрин олган.
ℹ️ 2022 йил сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда 19 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Док-1 Макс препаратини қўллаш сабаб бўлган. Қурбонларнинг барчаси олти ёшга етмаган болалар бўлган. 7 январь куни юқоридаги сиропни ичган яна бир боланинг ўлими ҳақида маълум бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда тарқатилган сироп партиясида этиленгликоль топилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Док-1 Макс ва Амбронол дори воситаларини лаборатория текширувидан ўтказишда меъёрий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилгани, натижада сифатсиз дори воситаларини сотишга йўл қўйилганини аниқланган.
Болалар ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатилиб, мазкур дори воситасини Ўзбекистонга рўйхатдан ўтказиш, олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган бир неча шахслар қўлга олинган. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев ўз лавозимидан четлатилган, кейин ҳибсга олинган.
Marion Biotech томонидан ишлаб чиқарилган барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилган, Док-1 Макс ва Амбронол сиропларини импорт қилувчи Quramax Medikal лицензияси бекор қилинган.
Ҳиндистон ҳукумати Marion Biotech компаниясига нисбатан тергов бошлаган. Текширув давомида дори воситаларини ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сифат стандартларига мувофиқ узлуксиз назорат қилишни таъминлаш тизимида оғишлар аниқланган. Компания лицензиясидан маҳрум қилинган, бир нечта ходимлари ҳибсга олинган.
Июль ойида Reuters агентлиги Marion Biotech ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзга хом ашёлардан фойдалангани ҳақида хабар берди. Хусусан, сиропларда фармацевтик пропиленгликоль ўрнига компания арзонроқ моддаларидан фойдаланган.