Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбарининг амакиваччаси 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Нурлан Масимов. gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Павлодар вилояти Ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи Нурлан Масимов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради Zakon.kz.

Жиноят ишлари бўйича Павлодар ихтисослаштирилган туманлараро суди Масимовни Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топди:

👉 366-модданинг 4-қисми («Ўта катта миқдорда пора бериш»);

👉 189-модда 4-қисмининг 2-банди («Бир гуруҳ шахслар томонидан ишониб топширилган мулкни кўп миқдорда ўғирлаш»);

👉 392-модданинг 1-қисми («Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш»).

Ниҳоят, Масимов жазолар қисман қўшилган ҳолда ўртача тартибли колонияда 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг ҳибсда ушлаб турилган вақти қамоқ даври ҳисобига қўшилади. Маҳкум милиция генерал-майори махсус унвони ва давлат мукофоти – II даражали «Айбин» орденидан маҳрум этилди. Масимовнинг Олмаота вилояти Алакол туманидаги Ақши қишлоғидаги ёғоч каркас ва ҳаммом кўринишидаги мол-мулки, шунингдек Олмаота шаҳрида оиласи билан яшаган уйни таъмирлаш учун сарфланган 16 миллион тенге (36 минг доллар) мусодара қилинган.

Иш бўйича яна икки айбланувчи – Масимовнинг молия бўйича ўринбосари Дамир Сиразидимов ва тадбиркор Евгений Евкович ҳам мос равишда 8 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўта йирик миқдорда ишониб топширилган мулкни ўзлаштиришда, Сиразидимов эса пора беришда воситачилик қилганликда айбдор деб топилган.

Суд, шунингдек Павлодар вилояти Ички ишлар бошқармасининг 421,6 миллион тенге (947 минг доллардан ортиқ) тўлаш тўғрисидаги фуқаролик даъвосини қисман қаноатлантириб, маҳкумларга қўшма тартибда етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.

ℹ️ Прокуратура маълумотларига кўра, 2020 йил апрель ойида Масимов Сиразидимовга Ақши қишлоғида ўзи учун бепул икки қаватли коттеж ва ҳаммом қуришни, шунингдек Олмаотадаги уйнинг ертўласини таъмирлаб, уни сауна ва дам олиш хонасига айлантириш бўйича топшириқ берган. Бунинг учун Масимов полиция бўлими томонидан давлат харидлари бўйича танловда ғолиб чиқишга ёрдам беришга ваъда берган.

2020 йили каскалар, зирҳлар, қалқонлар ва резинали таёқлар харид қилиш учун 600 миллион тенгедан ортиқ (жорий курс бўйича 1,3 миллион доллардан ортиқ) ажратилган. Евкович фирмаси тендерда ғолиб чиқади ва бу миқдорни ўзлаштиради. Бироқ, хариднинг ўзига анча кам маблағ сарфланган, бунинг натижасида давлатга 423 миллион тенге (950 минг доллардан ортиқ) миқдорида зарар етказилган.

Ўтган йил апрель ойида Масимов қидирувга берилган, коррупцияга қарши кураш хизмати унинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилган. Июль ойида у Россия билан чегарада сохта ҳужжатлар билан ушланган.

ℹ️ Нурлан Масимов 2019 йил ноябрь ойидан буён Павлодар вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган ва 2022 йил январида лавозимидан четлаштирилган эди. У Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Масимовнинг амакиваччаси бўлади. Маълумки Карим Маимов давлатга хиёнат қилишда ва ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринганликда айбланиб, 2023 йил апрелида 18 йилга қамалган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ