10 август куни Ўзбекистондаги бир қатор банклар долларнинг олди-сотди курсларини 12 000 сўмдан юқори қилиб белгилади.
Масалан, Kapitalbankда бир долларни харид қилиш 12 060 сўм, сотиш эса 12 135 сўмни ташкил қилади. Saderat bankда Америка валютаси 12 020 сўмдан сотиб олиниб, 12 135 сўмдан сотилмоқда. 9 август куни биринчи банк долларни 11 655 сўмдан, иккинчиси 11 620 сўмдан сотиб олганди.
Ўзбекистон Марказий банки ва биржанинг 9 августдан эътиборан доллар курси 11 667 сўмни ташкил қилмоқда.
Марказий банк ички валюта бозорида сўм курси девальвациясининг тезлашишини фундаментал омиллар таъсирида юз берган тузатиш сифатида изоҳлайди.
«Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди», — дейилади МБ хабарида.
Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.