Туркия компанияси Ўзбекистонда янги лойиҳаларга 5 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишини маълум қилди

Мехмет Женгиз ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркиянинг Cengiz Holding компанияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга республикада қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш режаларини тақдим этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

8 август куни Мирзиёев билан бўлиб ўтган қабулда компания раҳбари Меҳмет Женгиз қуйидаги янги лойиҳаларга 5,2 миллиард доллар сармоя киритиш нияти ҳақида гапирди:

👉 автомобиль йўллари ва туннелларни модернизация қилиш ва қуриш (умумий қиймати 2,7 млрд доллар бўлган иккита лойиҳа);

👉 геология-қидирув ишларини бажариш ва истиқболли фойдали қазилма конларини ўзлаштириш (780 млн долларлик битта лойиҳа);

👉 давлат-хусусий шериклик шартлари асосида энергетика инфратузилмасини қуриш ва бошқариш (1,7 млрд долларлик тўртта лойиҳа).

ℹ️ Cengiz Holding Ўзбекистонда бир неча йилдан бери фаолият юритади. Ушбу кўп тармоқли холдинг иштирокида 2022 йил март ойида иккита иссиқлик электр станцияси (ИЭС) ишга туширилди: Тошкент вилояти Қибрай туманида қуввати 240 МВт ва Сирдарё вилояти Ховос туманида қуввати 220 МВт бўлган станциялар. Уларнинг қурилиши компанияга 240 миллион долларга тушди.

Ўтган йил декабрь ойида Cengiz Enerji Сирдарё вилоятида қуввати 450 МВт газ поршенли электр станциясини қуриш нияти борлигини маълум қилганди. Мирзиёев билан 8 август куни бўлиб ўтган учрашувда Жиззах вилоятида қуввати 500 МВт дан ортиқ бўлган иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берилди.

ℹ️ Ҳозирги кунда Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 85 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга келиб «яшил» иқтисодиётга ўтиш доирасида уларнинг улуши 58,5 фоизгача камайиши керак, бу 2030 йилга келиб умумий қуввати 6,7 ГВт бўлган замонавий ФЭС ва шамол электр станцияларини (ШЭС) қуришни назарда тутади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ