2023 йил 1 ноябрдан бошлаб фуқароларни «Умра» (кичик ҳаж)га жўнатувчи Ўзбекистон туроператорлари махсус лицензияга эга бўлиши ва бир қатор янги талабларга риоя қилиши керак. Жумладан, компанияларга вояга етмаганларга ушбу хизматни кўрсатиш тақиқланади. Бундай норма ҳукуматнинг 8 августдаги тегишли қарорида келтирилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.
Қарорга кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг алоҳида фаолият йўналиши ҳисобланади.
Мазкур фаолият фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, сайёҳлик компаниялари бир қатор қўшимча талабларга риоя қилишлари керак:
✅ 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
✅ «Умра» хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎзМИ) билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;
✅ «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши шарт;
✅ Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот билан тузилган шартнома асосида фуқароларни Умрага юбориши лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорида аниқлик киритилишича, 50 кишидан ортиқ бўлмаган зиёратчилар гуруҳи бир раҳбарга бириктирилади, унинг номзоди туроператорнинг илтимосига биноан ЎзМИ томонидан тақдим этилади. Шу билан бирга, компания мутахассиснинг хизматларини, шунингдек унинг барча харажатларини, жумладан транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, виза тўловлари ва ҳоказоларни тўлайди.
Ҳужжатда жорий йилнинг 1 октябридан «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилиши таъкидланган.
ℹ️ Маълумки, «Умра» кичик ҳаж ҳисобланиб, у муқаддас Рамазон ойидаги катта ҳажга тенглаштирилади. Йилнинг исталган вақтида «Умра» зиёратини амалга ошириш мумкин.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда «Умра» квоталари бекор қилинган, аммо Ҳаж зиёратига бориш учун номзод бир қатор талабларга жавоб бериши лозим.