Буюк Британияда Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган учта мулк мусодара қилинди. Бу ҳақда 8 август куни Катта миқдордаги фирибгарлик билан курашиш бўйича бюро (Serious Fraud Office, SFO) хабар берди.
Гап Лондоннинг муҳташам ҳудуди саналмиш Белгравиядаги иккита квартира ва Суррейдаги уй ҳақида бормоқда. Мусодара қилинган мулкларнинг умумий қиймати 20 миллион фунт стерлинг (25,6 миллион доллар)га баҳоланмоқда.
SFO мулк коррупцион фаолиятдан олинган даромадлар эвазига сотиб олинганини таъкидлайди: 2004 йилдан 2012 йилгача Каримова Ўзбекистон бозорига кириш эвазига телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олган.
«Биз бугунги кунда ушбу мулкларни назорат қилиш учун бир нечта оффшор ҳисоб ва компанияларни ўз ичига олган мураккаб молиявий изни аниқладик. Бу қарор бизнинг Буюк Британияни ифлос пуллардан озод қилиш бўйича давом этаётган саъй-ҳаракатларимиздаги олдинга босилган қадамдир», — дейди SFO директори Лиза Ософски (Lisa Osofsky).
SFO 2018 йил октабрь ойида Каримова активларини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган. Лондон Олий суди шу йилнинг 8 августида уни қаноатлантирган.
2020 йили Суррейда Гулнора Каримова 2010 йили 18 миллион фунт стерлинг (23 миллион доллар) эвазига Gorse Hill Manor мулкни сотиб олгани хабар қилинган эди. Бугунги кунда объектнинг қиймати 30 миллион фунт стерлингга (39 миллион доллар) етган. Бу уй 1912 йили қурилган бўлиб, унинг ҳудудида қайиқда саёҳат қилиш учун кўл ва тахминан 70 минг квадрат метр майдонга эга боғлар мавжуд. Лондонда Ўзбекистон биринчи президенти қизининг қиймати 8 миллион (10,4 миллион доллар) ва 2 миллион фунт стерлинг (2,6 миллион доллар) бўлган иккита квартираси бўлган .
Ўзбекистон Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Гулнора Каримованинг хориждаги жиноий активларининг умумий миқдори қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этади.
ℹ️ Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва унга алоқадор компанияларнинг жиноий фаолиятини текшириш Европа давлатларида 2012 йили бошланган. Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний олишдан иборат бўлган. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йили Швейцария Каримовани айбдор деб топган ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилган.
2013 йили Ўзбекистонда Каримовага қарши давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик айби билан иккита жиноий иш очилган. Биринчи ҳолатда 2015 йили у беш йилга озодликни чеклаш жазосига маҳрум этилган, иккинчи ҳолатда 2017 йили 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо кейин жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил март ойида Каримова жиноий ҳамжамият ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноий иш доирасида унга яна 13 йил қамоқ жазоси берилди. Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Тошкент вилоятидаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда.