Банкрот деб топилган Тожикистон банки омонатчиларга 2 миллион доллардан ортиқ қарз бўлиб қолган

"Азия-Плюс" сайти фотосурати

Душанбе хўжалик суди «Тожпромбанк»ни банкрот деб топди. Бу ҳақда Тожикистон Олий хўжалик суди раиси Рустам Мирзозодага асосланиб, «Азия-Плюс» хабар берди.

Тожикистон Миллий банкининг махсус администратори ва «Тожпромбанк» тугатувчиси Фируз Шариповнинг нашрга айтишича, банкрот кредит ташкилотининг 169 омонатчиси ҳалигача ундан жами 26,6 миллион сомоний (2,37 миллион доллар) олмаган.

Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Рустам Мирзозода «Тожпромбанк»га 2023 йил июнигача ўз мажбуриятларини бажариш топширилганини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, 246 киши «Тожпромбанк»га даъво аризаси билан чиққан, банк қарзлари 37 миллион сомоний (3,38 миллион доллар)ни ташкил қилади.

1 август куни «Тожпромбанк»ни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорни имзолаган Душанбе шаҳар хўжалик суди судяси Зулфия Саидзода ушбу кредит ташкилотининг банкротлиги тўғрисидаги иш 2017 йил 3 мартдан бошлаб, қарийб етти йил давомида кўриб чиқилганини ва шу давр мобайнида 5726 киши 148 миллион сомонийдан (13,5 миллион доллар) миқдоридаги ўз жамғармаларини қайтаришга муваффақ бўлганини таъкидлаган.

ℹ️ 2016 йилдаги банк инқирози натижасида Тожикистоннинг тўртта банки – «Фононбанк», «Тожиксодиротбанк», «Агроинвестбанк» ва «Тожпромбанк» ликвидлик муаммосига дуч келган. Тожикистон Миллий банки ушбу кредит ташкилотларининг лицензияларини бекор қилиб, банкротлик жараёнларини бошлаган. Бу банкларнинг омонатчилари йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали пулларини қайтариб ололмаётганидан шикоят қилиб келади, Тожикистон Миллий банкининг махсус раҳбарлари ва тугатувчилари эса уларнинг муаммоларини ҳал эта олмаяпти.

«Тожпромбанк»нинг мулки 2016 йилда 450 миллион сомоний (41 миллион доллар)га баҳоланган бўлса, унинг мажбуриятларининг умумий миқдори қарийб 550 миллион сомоний (50,3 миллион доллар)ни ташкил қилган.

2020 йил декабрида Душанбе шаҳрининг Сино туман суди «Тожпромбанк»нинг собиқ раиси Жамшед Зияевни Жиноят кодексининг тўртта моддаси, жумладан «растрата» ва «фирибгарлик» бўйича айбдор деб топиб, 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.