Ўзбекистондан Афғонистонга жўнатилган нефть маҳсулотлари ҳали Афғонистон томонида рўйхатдан ўтмаган стандартлар бўйича ишлаб чиқарилган. Бундай баёнот билан «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати Афғонистон стандартлаштириш агентлигининг (ANSA) Uzbekistan GTL заводининг 67 вагон маҳсулоти қайтарилиши ҳақидаги хабарига жавоб қайтарди.
6 август куни ANSA «биринчи марта катта миқдордаги (67 та) паст сифатли ёқилғи вагонларини Ўзбекистонга қайтарганини» маълум қилганди.
«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг маълум қилишича, жорий йилнинг 24-26 июнь кунлари Uzbekistan GTL нефтни сотиб олувчи ва толибларга* етказиб берувчи номи ошкор этилмаган турк компанияси билан тузилган шартномага асосан 3,4 минг тонна (67 вагон) маҳсулот жўнатган.
Харидорга Афғонистонга жўнатилаётган синтетик дизел компоненти O’zDSt 3134-2017 давлат стандарти асосида EN 15940 Европа стандарти бўйича ишлаб чиқарилгани тушунтирилган.
«Бугунги кунда Афғонистонда бу стандарт жорий этилмаган. Маҳсулотни экспорт қилишда харидорга синтетик дизел ёқилғиси ва унинг компоненти ANSAда рўйхатдан ўтмаганлиги маълум қилинган. Харидор ушбу маҳсулотни Афғонистон бозорига анъанавий дизел ёқилғиси билан аралашмаси кўринишида олиб кириш режалаштирилганини айтган», — дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.
Компаниянинг таъкидлашича, 3,4 минг тонна маҳсулот учун тўлов юз фоиз амалга оширилган, ёқилғининг ўзи эса Афғонистон ҳукумати томонидан Uzbekistan GTL заводига сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).