Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ходимини 2022 йил ёзида Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган оммавий тартибсизликларни бартараф этишда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганганликда айбдор деб топиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукм 4 август куни чиқарилган. Суд қарорига кўра, икки нафар куч ишлатар тизими ходими – Т.А. ва Ҳ.С. — икки йил давомида ички ишлар органларида ишлаш тақиқланган ҳолда етти йилдан озодликдан маҳрум этилди. Улар Республика Жиноят кодексининг 235-моддаси («қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан айбдор деб топилган.
Уларнинг ҳамкасби Ж.М. бир йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд Ички ишлар вазирлигининг ушбу ходимини Жиноят кодексининг қуйидаги иккита банди бўйича айбдор деб топди:
✔️ 117-модданинг 2-қисми («Одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш»);
✔️ 238-модданинг 1-қисми («Ёлғон гувоҳлик бериш»).
Ўтган йил 1-2 июл кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.
Нукус воқеалари бўйича суд 28 ноябрь куни бошланган. Жами 171 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган.
Жиноят ишининг хавфсизлик кучлари томонидан намойишларни бостириш учун қурол ва махсус воситалардан фойдаланишга оид қисми алоҳида процессга ажратилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз ваколатларини ошириб юборганликлари аниқланса, уларнинг ҳаракатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, бир қатор дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар республика расмийларини Нукус воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга, хусусан, намойишларни тарқатиш вақтида махсус кучларнинг ҳаракатларига баҳо беришга чақирганди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистонда ўтказилган норозилик намойишлари чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қўйилган жиноят ишлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 3 нафар ходими қамоққа олингани ҳақида хабар берган эди.