3 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи қозоқ-афғон бизнес форумида 190,8 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди, деб хабар беради Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги (СИВ) матбуот хизмати.
Тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ун ва ўсимлик ёғи етказиб бериш бўйича 15 та шартнома, шунингдек Ёғли ўсимликларни қайта ишлаш миллий ассоциацияси (Қозоғистон) ва Балх нефть дилерлари иттифоқи (Афғонистон) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. СИВ 15 та шартномадан 9 таси нефть етказиб беришга қаратилганлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Қозоғистон учун Афғонистон ун савдоси борасида устувор бозор ҳисобланади, бу мамлакат ушбу турдаги маҳсулотнинг умумий экспорт ҳажмининг 70 фоизини ташкил қилади. Форумда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин маълум қилганидек, жорий йилнинг январь ойидан апрель ойигача Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга 150,8 миллион долларлик 450 минг тоннадан ортиқ қозоқ уни етказиб берилган.
ℹ️ Ўтган йили ун етказиб бериш 52 фоизга ошиб, 1,3 миллион тоннани, буғдой етказиб бериш 20 фоизга ошиб, 686 минг 729 тоннани, кунгабоқар ёғи етказиб бериш 6,2 баробарга ошиб, 17 минг 576 тоннани ташкил қилган.
Афғонистонга йилига 50 минг тонна буғдой жўнатаётган Қозоғистоннинг «Алтин Астик» компаниялар гуруҳи етказиб бериш ҳажмини икки баробарга ошириш ниятида.
«Бугунги кунда Қозоғистон-Афғонистон форуми доирасида компаниямиз Афғонистонга умумий қиймати 23 миллион долларлик юмшоқ буғдой етказиб бериш бўйича шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Ҳажми бу йилги ҳосилнинг 100 минг тоннага яқини бўлиб, сентябрдан майгача етказиб берилади», — деди 3 август куни Артур Ахметов компанияси бош директори.
Форум доирасида анъанавий афғон товарлари кўргазмаси очилди. Унда гиламлар, мис идишлар, мармар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ва ундан тайёрланган буюмлар, қуритилган мевалар, заъфарон, зираворлар, қурилиш маҳсулотлари, маиший ва саноат кимёси, сабзавот ва мевалар, озиқ-овқат ва бошқа товарлар намойиш этилмоқда.
ℹ️ 2022 йили Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларни ташкил этган. Томонлар яқин йилларда бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.