Нью-Йорк суди Мухтор Аблязовни АҚШдаги БТА Банки пулларини ноқонуний ўзлаштиришда айбдор деб топди

Мухтар Аблязов. tengrinews.kz сайтидан архив фотосурат

Нью-Йорк жанубий округи суди қозоғистонлик собиқ банкир ва сиёсатчи Мухтор Аблязовни АҚШдаги БТА банкидан пул ўғирлаш ва ва уни ноқонуний ўзлаштиришда айбдор деб топди. Бу ҳақда кредит ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.

31 июл куни суд Triadou SPV S.A компаниясидан 193 млн доллар ундириш йўли билан БТА Банк фойдасига қарор чиқарди.

«Суд қарори 2022 йил декабрь ойидаги ҳакамлар ҳайъати ҳукмидан кейин қабул қилинган, унга кўра Triadou пулларни ўзлаштириш ва ноқонуний бойиб кетиш учун жавобгарликка тортилди», — бейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Суд БТАнинг Triadouга нисбатан ишонч ва банк маблағларидан фойдаланиш натижасида олинган маблағлар бўйича даъвосини тан олди, шунингдек БТАнинг Triadouга тегишли бир қатор активлари бўйича даъволарини қаноатлантирди.

Суд судланувчи Triadou SPV Мухтор Аблязов куёви Илёс Храпунов томонидан яратилган ва назорат қилинаётган ширкат эканлигини тасдиқлади. У «БТАдан ўғирланган ва компания Нью-Йорк ва Қўшма Штатларнинг бошқа жойларидаги кўчмас мулкка сармоя киритишга йўналтирган» 70 миллион доллардан кўпроқ маблағни олган. Қарордан келиб чиқадики, «судда тақдим этилган далиллар АҚШда Triadou номидан инвестиция қилинган маблағлар Аблязов томонидан бошқа сохта компания орқали БТАдан ўғирланган 115,3 миллион долларга бевосита алоқадорлигини кўрсатади».

Аблязовнинг БТА Корпоратив Бизнес Департаментидан (УКБ-6) «офшор компанияларга сохта кредитлар» орқали миллиардлаб долларларни ўғирлашда фойдалангани тўғрисида БТА Банки тақдим этган далиллар суд томонидан ишончли ва тўлиқ деб топилди.

««Банк мижозлари» [УКБ-6] бўлмиш офшор компаниялар Аблязовга тегишли ёки унинг назорати остида бўлган ва у томонидан берилган «кредитлар» ҳеч қандай иқтисодий мазмунга эга бўлмаган. Мустақил томонлар ўртасидаги битимлар бўлишдан кўра, [УКБ-6] томонидан тақдим этилган «қарзлар» Аблязов томонидан БТА Банкнинг маблағларини ноқонуний ўзлаштирганини яширишга қаратилган», — дейилади суд қарорида.

Суд Аблязов шерикларининг кўрсатмаларини ишончсиз деб топди.

Нью-Йоркда БТА Банк ва Қозоғистон Адлия вазирлиги номидан суд жараёни саккиз йилдан кўпроқ вақт олдин бошланган. 2022 йил декабрь ойида ҳакамлар ҳайъати БТАга 2013 йил ўрталаридан бери ҳисобланган фоизлар билан бирга 100 миллион доллардан ортиқ зарарни тўлатган, бу эса умумий миқдорда 218 миллион доллардан ошган.

ℹ️ Мухтор Аблязов Қозоғистон раҳбариятининг энг фаол танқидчиларидан бири ҳисобланади. 2009 йили у республикани тарк этган. Қозоғистонда собиқ банкир бир қатор жиноятлар, жумладан, фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланади. Аблязов етказган зарар миқдори бир неча миллиард долларга баҳоланган. У сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аблязов ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Францияда яшайди. 2020 йил сентябрида у ушбу мамлакатда сиёсий қочқин мақомини олган, бироқ октябрь ойида ҳибсга олиниб, «ишончни суиистеъмол қилиш» ва «пул ювиш»да айбланган. 2022 йил январь ойида унга қўйилган жиноятлар бўйича даъво муддати ўтганлиги сабабли иш тўхтатилган. Ўша йилнинг декабрида Бошпана бўйича миллий суд Аблязовнинг қочқинлик мақомини бекор қилган, шу йилнинг июлида эса Франция полицияси унга 30 кун ичида мамлакатни тарк этишни буюрган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ