Қозоғистонда қаровсиз ҳайвонларни тутиш хизматлари ходимларидан жараённинг ҳар бир босқичини видеога ёки суратга олиш талаб қилинади. Бу Қозоғистон стандартлаштириш ва метрология институти томонидан ишлаб чиқилган стандартда кўзда тутилган, дея хабар беради республика Савдо ва интеграция вазирлиги (СИВ) матбуот хизматига таянган ҳолда Kazakhstan today нашри.
Стандарт қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва ташиш жараёнларини тартибга солади ва уйсиз ҳайвонларга масъулият билан муносабатда бўлишга ва уларга ёрдам кўрсатишга, шунингдек фуқароларнинг соғлиғи ва мулкига зарар етказилишининг олдини олишга қаратилган. Тутиш жараёнининг ҳар бир босқичини видеога ёки фотосуратга олиш қаровсиз ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олиш учун мўлжалланган.
«Қўлга олиш пайтида ҳайвонларни ўлдириш, шунингдек жониворлар ва одамлар учун хавфли бўлган заҳар ва заҳарли ўлжалардан фойдаланиш тақиқланади», — деб таъкидлайди СИВ.
Стандарт шунингдек, қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва ташиш жараёнида ишлатиладиган препаратлар, қурилмалар ва механизмларга қатъий талаблар қўяди.
«Ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт ҳайвонларнинг жинси, ўлчами ва ёши ҳар хил бўлиши учун алоҳида қафаслар билан жиҳозланган бўлиши, шунингдек вентиляция тизимига эга бўлиши ва ҳаво ҳароратини сақлаб туриши шарт. Ташиш вақтида қўлга олинган ҳайвонлар бир-бири билан мутлоқ алоқа қилолмаслиги керак», — дея тушунтиради вазирлик.
2022 йил 1 мартдан Қозоғистонда «Ҳайвонларга масъулият билан муносабатда бўлиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди, унда ҳайвонларнинг ҳаёти, соғлиғи ва фаровонлиги учун мулкдорларнинг шахсий жавобгарлиги, ҳайвонларни шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш, аҳолида уларга нисбатан ахлоқий ва инсоний муносабатда бўлиш талаблари кўзда тутилганган. Қонун шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб уй ҳайвонларини рўйхатга олишни жорий этишни ҳам назарда тутади: мушук ва ит эгаларидан мажбурий равишда ўз жониворларига чип ўрнатиш ёки бирка тақиш талаб этилади.