Толиблар делегацияси Қозоғистон-Афғонистон бизнес форумида иштирок этиш учун Остонага келди

Толиблар делегацияси Остонада. Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

1 август куни Афғонистондан Остонага Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги «Толибон»* радикал ҳаракати вакилларидан иборат делегация етиб келди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Делегация ҳамкорлик, В2Б музокаралар ва 3 август куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форумида иштирок этиш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирган. Бир кун аввал Қозоғистон ва Афғонистон компанияларининг тақдимотлари бўлиб ўтади, 4 август куни Конгресс марказида Афғонистон товарларининг икки кунлик кўргазмаси очилади.

«Кўргазмада Афғонистондан турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мис идишлар, мармар, гилам, заргарлик буюмлари ва бошқа кўплаб анъанавий маҳсулотлар намойиш этилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Делегация таркибига Афғонистон Марказий банки раҳбарлари, йирик хусусий банклар, «Да Афғонистон Брешна Шеркат» (DABS) энергетика компанияси, «Афғонистон Телеcом» (AfTel) телекоммуникация компанияси, Афғонистон Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорвачилик палатаси, Савдо-саноат палатаси ва Афғонистондаги сармоя, шунингдек қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, саноат, транспорт ва логистика, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа компаниялар кирган.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати Қозоғистонда тақиқланган террорчилик тузилмалари миллий рўйхатига киритилган. Бироқ Қозоғистон расмийлари буни муаммо деб ҳисобламайди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Канат Тумиш аввалроқ тушунтирганидек, афғон делегацияси аъзолари санкциялар рўйхатида йўқ ва асосан Афғонистон ишбилармон доираларини ифодалайди.

«Халқаро ҳуқуққа кўра, «Толибон» террорчи ташкилот эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг санкция режими қоидаларига асосланиб айтишим мумкинки, санкциялар рўйхатида ушбу ҳаракатга алоқадор 135 киши бор, ташкилотнинг ўзи эса санкция рўйхатига киритилмаган», —дея Тумишдан иқтибос келтиради «Азаттиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қозоқ хизмати.
«Агар биз бу масалага соф қонуний ёндашадиган бўлсак, унда биз ҳеч қандай халқаро меъёрларни бузмаган бўламиз», — дея хулоса қилади Қозоғистон ТИВ раҳбари ўринбосари.

Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги асосий савдо шериги ҳисобланади.

«Ўтган йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди, келгуси йилларда эса бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқдамиз», — деди Торебаев.

Товар айланмасининг қарийб 90 фоизи Қозоғистон экспортига тўғри келади. Хусусан, Қозоғистон учун Афғонистон ун сотишнинг устувор бозори бўлиб, ушбу маҳсулот экспортининг 70 фоизини ташкил этади. Ўтган йил давомида ун етказиб бериш 52 фоизга (2021 йилдаги 895 126 тоннадан 2022 йилда 1,3 миллион тоннагача), буғдой 20 фоизга (2021 йилдаги 571 704 тоннадан 2022 йили 686 729 тоннага), ўсимлик ёғи 6, 2 барабарга (2021 йили 2825 тонна, 2022 йилда 17576 тонна) ошган. Қозоғистон Афғонистонга кунгабоқар ёғи, зиғир уруғи, дори-дармон, ўғит ва бошқа товарлар ҳам етказиб беради.

Ҳукуматда қайд этилганидек, Қозоғистон Афғонистонга озиқ-овқат, нефть-кимё, кимё, металлургия, машинасозлик ва енгил саноатда 500 миллион доллардан ортиқ маҳсулот етказиб бериш бўйича экспорт салоҳиятига эга.

Қозоғистоннинг ўзи Афғонистондан биринчи навбатда Марказий Осиёни Ҳиндистон ва Форс кўрфази мамлакатлари билан боғловчи транспорт йўлаги сифатида манфаатдор, бу Қозоғистон экспортчилари учун савдо учун жозибадор бозор ҳисобланади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ