Туркия компанияси Жиззах вилоятидаги тоғ-кон саноати комплекси қурилишига сармоя киритади

САВАШ ШАҲИН (ЧАПДА) ВА ЛАЗИЗ ҚУДРАТОВ. ИССВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Туркиянинг Esan Eczacibasi компанияси Ўзбекистондаги Учқулач қўрғошин-рух конини ўзлаштиради. 1 август куни компания раҳбари Саваш Шаҳин Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан лойиҳа бўйича инвестиция шартномасини имзолади, деб хабар қилади ИССВ матбуот хизмати.

Лойиҳа Жиззах вилоятининг Фориш туманида кон-қайта ишлаш мажмуаси ва таркибида қўрғошинни қайта ишлаш заводини қуриш орқали рангли металлар (рух, қўрғошин, кадмий, висмут, кумуш) ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутади.

Апрел ойида Esan Eczacibasi Ўзбекистон Кончилик ва геология вазирлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ўртасида қўшма корхона ташкил этиш ҳамда Учқулачда рудани қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича уч томонлама шартнома тузди.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда шундай кўрсатмалар берган эди:

👉 Учқулачни ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш учун 200 миллион доллар ажратиш;

👉 конда камида 600 та иш ўрни яратиш;

👉 бу ерда йилига 500 минг тонна полиметалл рудаси қазиб олиш ва қайта ишлаш;

👉 йилига 5,4 минг тонна рух ва 18,4 минг тонна қўрғошин концентратлари ишлаб чиқариш;

👉 ташқи муҳандислик коммуникацияларини қуриш, автомобиль ва темир йўлларни реконструкция қилиш.

ℹ️ Учқулач қўрғошин-рух кони 1930 йилдан маълум бўлиб, унда 1947-1963 йиллари қидирув ишлари олиб борилган, конни эксплуатация қилиш 1981 йили «Дальний» карьерида бошланган. Аммо синк ва қўрғошин нархининг пастлиги туфайли карьерни ўзлаштириш фойдасиз бўлиб чиқди. 1998 йили руда қазиб олиш тўхтатилган, 2006 йилда карьер ёпилган.

2 август ҳолатига кўра, Лондон металл биржасида 1 тонна қўрғошин нархи 2148 доллар, рух 2560 долларни ташкил этади.

ℹ️ Esan Eczacibasi — қаттиқ жинсли фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида Туркиядаги асосий компаниялардан бири ҳисобланади. 1978 йили ташкил этилган, 37 кон ва еттита қайта ишлаш заводини бошқаради, Европадаги ягона асосий магний заводига эгалик қилади. Компания ўз маҳсулотларини 40 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилади, Италия, Украина, Хитой ва Португалияда офислари мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ