Теҳрон суди ўтган йилги аксилҳукумат намойишларини ёритган эронлик журналистлар Саида Шайфи ва Насим Султон Бейгини «миллий хавфсизликка қарши фитна уюштириш»да айблаб, 3 йилу етти ойга, «режимга қарши тарғиботда» айблаб яна саккиз ойга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда АҚШда жойлашган Human Rights Activists in Iran (HRAI) инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.
Умуман олганда, аёллар тўрт йилу уч ойни қамоқда ўтказишлари керак бўлади. Шунингдек, суд уларга яқин икки йил ичида мамлакатни тарк этишни ва ижтимоий-сиёсий бирлашмаларга аъзо бўлишни тақиқлаган.
Ишда учинчи айбланувчи журналист аёл Меҳрнуш Зарей Ҳанзаки оқланган.
HRAIнинг таъкидлашича, суд мажлисида Теҳрон инқилобий суди 26-бўлими судяси Имон Афшарий журналистларни ижтимоий тармоқларда Эронда ҳижоб ўраш мажбурийлиги ҳақидаги позицияси учун ҳақорат қилган.
30 июль куни Теҳрон журналистлар уюшмаси мамлакат ҳукумати Etemad газетаси бош муҳаррири Беруз Безадий ва Tejarat News муҳаррири Марзия Маҳмудийни 2022 йилнинг кузини ёритишда айблаганидан кейин ОАВ ходимларига нисбатан адолатсиз ҳукмларни тўхтатишга чақирди.
Ўтган йил сентябрида Эронда 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими ортидан ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик намойишлари бошланган эди. Қизни нотўғри ҳижобда бўлгани учун ахлоқ полицияси патрули тўхтатиб, уни полиция бўлимига олиб кетган. Тез орада Амини касалхонага олиб кетилган ва у ерда вафот этган. Жамоатчилик фаоллари унинг ўлимида полицияни айблаган, улар полиция қизни қаттиқ калтаклаганини таъкидлашган.
Эрондаги намойишлар декабргача давом этди. Намойишчилар Эронда аёллар учун ҳижоб кийишни мажбурий бўлмаслигига амалда муваффақ бўлишди. Бироқ, Ислом Республикасида бош кийимидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун расман бекор қилинмаган. Охирги ҳафталарда расмийлар аёлларнинг ҳижоб кийиши устидан назоратни кучайтирган.