Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги имконияти чекланган болалар учун махсус ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказида 12 нафар бола заҳарланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.
30 июль куни икки бола соғлиғининг ёмонлашгани, қусиш ва ахлат суюқлашганлиги борасида шикоят қилган. Эртаси куни яна ўнта бола худди шундай белгилар билан касалхонага ётқизилган.
«Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, битта болани сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Ҳозирда олти нафар бола реанимацияда. Қолганлари шифокорлар назоратида», — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Вилоят клиник шифохонаси юқумли касалликлар маркази мудири Ержан Жунусовнинг сўзларига кўра, ушбу марказда тўққиз нафар бемор бор, уларнинг тўрт нафари оғир аҳволда, сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Яна икки бола Қарағанда шаҳар болалар касалхонасида, улар ҳам нафас олиш аппаратларига уланган.
Жунусовнинг таъкидлашича, шифохонага ётқизилган барча болалар вилоятдаги етакчи мутахассислар, жумладан, пулмонолог ва токсикологлар томонидан синчиклаб кўрикдан ўтказилган.
«Биз тадқиқот учун барча биологик суюқликни олдик, натижалар аниқ якуний тасаввурни беради. Тадқиқотлар барча вируслар, бактериялар, экзоген моддалар устида олиб борилади. Беморлар тўлиқ назорат остида. Уларга барча керакли муолажалар олмоқда», — дея Жунусовдан иқтибос келтиради Tengrinews.kz.
«Дастлаб овқатдан заҳарланиш ҳақида гумон бор эди, бироқ биринчи тергов бунинг овқатдан заҳарланиш билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини кўрсатди.
Мазкур ҳолат, болаларнинг аҳволи оғирлигини инобатга олиб, бугун Соғлиқни сақлаш вазири манзилга жўнаб кетди», — дейди Қозоғистон бош санитар шифокори Айжан Эсмагамбетова.
Заҳарланиш сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилган. Ижтимоий марказ директори вазифасини бажарувчи лавозимидан четлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 304-моддаси 2-қисми («Оғир оқибатларга олиб келган санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш») билан иш қўзғатилган. Иш Қарағанда вилояти махсус прокуратураси бошқармаси томонидан кўриб чиқилади.
Бош прокуратура болаларга, жумладан ота-она қарамоғисиз қолган етим болаларга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларга махсус тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатувчи барча муассасаларда комплекс текширувлар ўтказиш бўйича топшириқ берди. Қозоғистонда 84 та шундай муассасалар мавжуд: 37 та болалар учун махсус тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари, 47 та болалар уйлари ва 2959 нафар болани қамраб олган оилаларни қўллаб-қувватлаш марказлари.