Ўтган йил кузида Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ёнида ўзини портлатган ўзбекистонлик Хусанжон Осимий ўлимидан сўнг Россияда судланади. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 5 сентябрь куни «Ироқ ва Шом исломий давлати» * (ИШИД) террорчилик гуруҳининг худкуш-террорчиси Россиянинг Кобулдаги элчихонасининг консуллик бўлимига кириш жойида ўзини портлатиб юборган эди. У консуллик ходими визага номзодларни эълон қилиш учун навбатда турган одамлар олдига чиққан пайтда портловчи қурилмани ишга туширган. Натижада Россия элчихонасининг икки ходими: иккинчи котиб Михаил Шах ва хавфсизлик ходими Адигжи Кужугет ҳалок бўлган. Улардан ташқари элчихонанинг ташқи атрофини қўриқлаб турган «Толибон»* радикал ҳаракатининг тўрт нафар жангариси ҳам ўлган.
Жиноят иши билан Россия Тергов қўмитасининг бош тергов бошқармаси шуғулланган. Тергов қўмитаси ва Бош прокуратуранинг халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бўлимлари ҳам терговга жалб қилинган. Ушбу икки тузилма орқали барча ёзишмалар олиб борилган, натижада тафтишларнинг ўн ойи давомида жиноят ишида муносиб миқдордаги далилларни шакллантириш мумкин бўлган.
2021 йил августидан бери Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон» террорчилик ҳужумини тергов қилишда фаол ёрдам берган. Нашр манбасининг таъкидлашича, тергов жараёни билан таниш бўлган воқеа жойини кўздан кечириш ва Кобулдан гувоҳларни сўроқ қилиш баённомаларининг нусхалари «зудлик билан етиб келган».
«Фуқароси Хусанжон Осимий худкуш террорчи бўлиб чиққан Ўзбекистон билан барча ишлар янада осон кечган. Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан мулоқот МДҲга аъзо давлатларнинг Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноят турларига қарши курашни мувофиқлаштириш бюроси орқали амалга оширилган. Қолаверса, россияликлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ҳуқуқий ёрдам эмас, балки фақат ёрдам сўрашга мажбур бўлишган. Бу жиноятчи шахсига доир тақдим этилган собиқ яшаш жойидан тавсифланган материалларга боғлиқ бўлган», — дейилади «Коммерсант» мақоласида.
Терговнинг якуний босқичида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари россияликлар илтимосига кўра, Осимийнинг ота-онасидан ўғлининг ўлими муносабати билан унинг жиноий жавобгарликка тортишни тўхтатишга розилиги учун суҳбат ўтказишган. Салбий жавоб олингани учун, Бош прокуратура хабарига кўра, жиноят иши Москва шаҳридаги 2-Ғарбий округ ҳарбий судида кўриб чиқилади.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).