Президент администрацияси Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишини 252 миллиард долларга баҳолади

review.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Администрацияси давлат раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Унда айтилишича, «озод, обод ва қудратли Янги Ўзбекистон»ни яратишга қаратилган стратегия доирасидаги лойиҳалар жами 252,2 миллиард долларни ташкил этади.

Стратегия етти йилга мўлжалланган бўлиб, бешта йўналиш бўйича юзта мақсадни ўз ичига олади:

👉 аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш;

👉 барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;

👉 аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;

👉 халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

👉 мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

««Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгилансин ҳамда бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юклансин», — дейилади Президент қарори лойиҳасида.

Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» миллий ҳаракати зиммасига стратегияни амалга оширишнинг бориши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш ва ҳар ойда ҳисобот тайёрлаш вазифаси юклатилади.

Ҳукумат ҳар чоракда бир марта ҳисоботларни танқидий кўриб чиқади ва ҳар олти ойда бир марта стратегия доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида президентга маълумот бериш режалаштирилган.

ℹ️ Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи марта – 2021 йили олий лавозимга сайланиши арафасида «Янги Ўзбекистон» иборасини фаол қўллай бошлади.

«Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Бундай ноёб ижтимоий ҳодиса олдимизда янги истиқболларни очиб беради», — деди Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида.

2017 йили илк бор президентликка сайланган Мирзиёев 2021 йилгача мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаганди. 2022 йили Янги Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинди, унга кўра, беш йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) йилига 100 миллиард долларга, экспорт ҳажми йилига 30 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришни — 1,4 баробарга ошириш, камбағалликни камида икки баравар камайтириш кўзда тутилган.

2022 йил декабрида Мирзиёев Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти илк бор 80 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, «Янги Ўзбекистон» стратегиясини амалга ошириш учун етти йил давомида йилига 36 миллиард доллар керак бўлади. Шу билан бирга, 2023 йили республика ҳукумати прогнозларига кўра, жамланма бюджет даромадлари 27,7 миллиард доллар, харажатлари эса 30,6 миллиард долларни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ