Тошкент тиббиёт академиясида 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб магистратуранинг «Спорт шифокори» ва «Спорт диетологияси» («Овқатланиш илми») мутахассисликлари очилади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ташкил этилган «Даволаниш» йўналиши факультети Тошкент тиббиёт академияси Чирчиқ филиалига айлантирилади ва кенгайтирилади. Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги собиқ 3-оилавий поликлиника биноси, Чирчиқ тиббиёт коллежининг бино ва иншоотлари унга туташ ҳудуд билан бирга филиалга ўтказилади. Режаларда биноларни реконструкция қилиш, филиални юқори сифатли илмий-тадқиқот ва кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган барча замонавий жиҳозлар билан жиҳозлаш кўзда тутилган.
Келгусида бундай филиаллар Нукус, Андижон, Самарқанд ва Бухорода ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Қарорда Тошкент фармацевтика институти магистратурасига «Экспериментал ва спорт фармакологияси» мутахассислиги бўйича ўқишга қабулни икки баробарга ошириш ҳам назарда тутилган. Тиббиёт ходимларининг касб малакасини ошириш марказида давлат спорт ва таълим муассасаларининг спорт шифокорлари, спорт диетологлари ва спорт фармакологлари ўз малакаларини белгиланган тартибда бепул оширадилар.
Марказга бир ой муддатда терма жамоалар аъзолари учун мусобақага тайёргарлик кўриш ва ундан кейин юқори малакали махсус тиббий муолажаларни ташкил этиш учун Бош ҳарбий клиник госпитал билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилади. Август ойида Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида бўш турган давлат мулки биноларини инвентаризациядан ўтказиш ва уларда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида Марказнинг ҳудудий филиалларини жойлаштириш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига спорт тиббиёти мутахассислари учун ўқув курслари, семинарлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларни (спорт шифокорлари, спорт диетологлари, спорт физиологлари, спорт фармакологлари, спорт психологлари) жалб этиш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йили қабул қилинган «Ўзбекистонда футболни янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакатда спорт тиббиётини ривожлантириш зарурлиги қайд этилган. Ҳужжатда, хусусан малакали кадрлар тайёрлаш тизимида футбол таҳлилчиси, спорт селектори (скаут), спорт менежери, спорт маркетологи, спорт шифокори, спорт психологи, спорт фармакологи каби мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Мазкур ҳужжатда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мазкур мутахассисларни тайёрлаш ташкил этилиши маълум қилинганди.