Сурхондарёда икки кунлик қизалоғини сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди

pixabay.com сайти фотосурати

Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро икки кунлик қизалоғини 35 миллион сўмга (3 минг доллар) сотмоқчи бўлган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий сайти хабар беради.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида яшовчи 2019 йилдан буён 29 ёшли аёл билан никоҳда бўлган 54 ёшли эркак ўз қизалоғини сотмоқчи экани ҳақида ИИБга ариза келиб тушган. Қизалоқ 17 июлда туғилган. 19 июль куни кечқурун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эркакнинг махсус кимёвий ишлов берилган 1400 АҚШ доллари ва 10 миллион сўм (860 доллар) миқдорида пулни олаётган вақтида қўлга олишган.

22 июль куни мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда болалар савдоси барҳам топмаган, аксинча ички ишлар органлари томонидан мунтазам равишда бу ҳаракатлар бартараф этилмоқда. Қоида тариқасида, болаларни сотишга уринишлар оналари томонидан амалга оширилади. Шундай қилиб, ўтган йил декабрь ойида Сирдарё вилоятида суд ўз қизини 5,7 миллион сўмга (500 доллар) сотмоқчи бўлган аёлни уч йилга озодликдан маҳрум қилган бўлса, жорий йилнинг апрель ойида Фарғона вилоятида 8 ойлик қизалоғини 10 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ