Қозоғистонда ёз бошидан буён сайёҳлар оқими уч бараварга кўпайган

almaty.tv сайти фотосурати

1 июндан 23 июлгача Қозоғистондаги меҳмонхоналарда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кўп хориж фуқаролари бўлган. Бу ҳақда республика Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.

Жорий ёз бошидан буён Қозоғистон меҳмонхоналарида 250 468 нафар хорижлик дам олган бўлса, ўтган йилнинг июнь-июль ойларида уларнинг сони 77 645 нафарни ташкил қилган.

МДҲ давлатларидан 180 минг турист ёки сайёҳлар умумий сонининг 72 фоизи келган. Ўтган йили худди шу кўрсаткич 77 фоизни ташкил этган. «Яъни, узоқ хориждан келаётган сайёҳлар улуши ортиб бормоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Жумладан:

👉 Мўғулистондан келган сайёҳлар сони 11,6 баробарга ўсган — 489 дан 5683 кишига;

👉 Хитойдан — 8,5 баробарга (2223 дан 18954 кишигача);

👉 Ҳиндистондан — 4,7 марта (1245 дан 5887 гача);

👉 Жанубий Кореядан — 3,8 марта (939 дан 3585 гача);

👉 Эрондан — 3,8 марта (237 дан 897 гача);

👉 Германиядан — 3 марта (1659 дан 5054 гача),

👉 АҚШдан — 2,2 марта (1237 дан 2761 гача).

Қозоғистонда хорижий сайёҳлар учун асосийдам олиш йўналишлари Олмаота (1 июндан 23 июлгача 77 308 сайёҳ), Остона (38 463 сайёҳ), Олмаота (19 049 сайёҳ) ва Манғистау (15 062 сайёҳ) вилоятлари бўлган.

Шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига туристик бадаллар тушуми бўйича Олмаота ва Остона етакчи бўлиб, уларнинг умумий миқдори 314 миллион тенгени (705,6 минг доллар) ташкил этгани табиий. Сайёҳлик тўловларининг 270,6 миллион тенгеси (608 минг доллар) Олмаотага, 37,7 миллион тенгедан (84,7 минг доллар) Остонага тўғри келган.

Қозоғистон ҳукумати 2030 йилга бориб мамлакатга келадиган хорижий сайёҳлар сонини йилига 4 миллион кишига етказишни режалаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ