Қийноқлар қўллашда айбланаётган полиция ходими суд залидаги «аквариум»ни синдириб, қочишга уринган

"Азаттиқ" видеосидан кадр

16 июль куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳар судида қийноқлар қўллашда айбланаётган полициячилар иши бўйича суд мажлисида айбланувчилардан бири «аквариум» ойнасини синдириб, қочишга уринган. Бу ҳақда «Азаттиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қозоқ хизмати) хабар берди.

Мажлисда судя Сауран туманининг олти нафар полиция ходимига ҳукмни ўқиб эшиттирган, иш материалларига кўра, улар 2022 йил февраль ойида қўйларни ўғирлаганликда гумон қилиб икки нафар шахсни ҳибсга олишган, уларни қийноқларга солиб, айбини тан олишга мажбурлашган.

Айбланувчилардан тўрт нафари тўрт йилга, иккитаси уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Уларнинг барчасига уч йилга ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаш тақиқланган. Бундан ташқари, полиция маҳкамаси қийноқлар қурбонига айланган икки шахсга маънавий зарар сифатида жами 5,5 миллион тенге (12 минг доллардан ортиқ) товон тўлаши керак бўлади.

ℹ️ Терговда тақиқланган усулларни қўллаш Қозоғистон учун кам учрайдиган ҳолат эмас. Жорий йилнинг 6 июнь куни Республика Бош прокуратураси 88 нафар фуқарога нисбатан қийноқлар қўллаган 39 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини жавобгарликка тортгани ҳақида хабар берган эди. Икки кундан сўнг Олмаота шаҳрининг Олмали туман суди 2022 йил январида тартибсизликда гумон қилинган шахсни ўлгунча калтаклагани учун етти нафар полициячини беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ