Ўзбекистонда маҳаллий авиаташувчилар сони саккизтага етди

Silk Avia авиакомпанияси самолёти. Ижтимоий тармоқ фотосурати

2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Centrum Air, Silk Avia, Asia Union Airlines ва Tashkent Air авиакомпаниялари ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади. Шу тариқа, маҳаллий авиаташувчилар сони саккизтага етди, деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Йил бошига қадар мамлакатда Uzbekistan Airways МАК дан ташқари Qanot Sharq, Panorama Airways ва Humo Air авиакомпаниялари фаолият кўрсатган.

Ҳисобот даврида МАК ва янги ташкил этилган резидент авиакомпаниялар томонидан Ўзбекистонга 17 та самолёт олиб келинди.

«Бугунги кунда Uzbekistan Airways, Qanot Sharq, Centrum Air, Silk Avia ва Humo Air авиакомпаниялари томонидан маҳаллий йўналишларида ҳафтасига 93 та мунтазам авиақатновлар бажарилмоқда», —дейилади вазирлик хабарида.

IATA-2023 ёзги мавсумида резидент ва хорижий авиакомпанияларга ҳафтасига 697 та частотада халқаро парвозларни амалга оширишга рухсатномалар тақдим этилган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2021 йилгача Ўзбекистондаги ягона авиаташувчи Uzbekistan Airways бўлган. Давлат Туризм қўмитаси 2018 йили МАКнинг монопол позициясини танқид қилганидан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев авиакомпанияни қайта ташкил этиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича кўрсатма берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ