Ўзбекистонда 1 миллион 307 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар бор, деб хабар берди 26 июль куни республика Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.
Айни пайтда мамлакатда қашшоқлик даражаси 14,1 фоизни ташкил этади, бу 2022 йилга нисбатан (17 фоиз) деярли 3 фоизга камдир. Жорий йил охиригача 130 минг оила кам таъминланган оилалар тоифасини тарк этиши кутилмоқда. Бунда қашшоқлик даражаси 14,1 фоиздан (1,307 миллион оила) 12 фоизга (1,180 миллион) камаяди.
Вазирлик баёнотида 130 минг оила 1 миллион киши эканлиги қайд этилган. Яъни, 1,3 миллион кам таъминланган оилалар қарийб 10 миллион кишини ёки мамлакатдаги 36 миллион аҳолининг учдан бир қисмини ташкил этишини тахмин қилиш лозим.
Қашшоқликнинг энг юқори даражаси суверен Қорақалпоғистон Республикаси (19,7 фоиз), Сирдарё (19,5 фоиз) ва Хоразм (19,1 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Энг паст кўрсаткич Тошкент (8,5%) ва Навоий вилоятида (9,2%).
Ўзбекистонда 2023 йил учун камбағаллик чегараси ҳар бир киши учун ойига 568 минг сўм (49 доллар) ёки кунига 18,9 минг сўм (1,6 доллар) этиб белгиланган. Пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори ойига 535 000 сўм (46,5 доллар), энг кам иш ҳақи 980 000 сўм (85 доллар)ни ташкил этади.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вице-спикери, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров кам таъминланганликда аҳолининг ўзи айбдор эканини айтди.
«Ким камбағал бўлади? Биринчи навбатда ҳаракати йўқ, илми йўқ, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади! Кимдир ҳаёти давомида имконият изласа, кимдир айбдор излайди.
Менимча, давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади!— деб ёзади Қодиров ижтимоий тармоқларда.
Бу мурожаатга парламент депутати Дониёр Ғаниев муносабат билдирди.
«Тўғри, илми, ҳунари йўқ, дангаса одам камбағал бўлиши мумкин. Лекин бу ҳамма камбағал шундай дегани эмас. Худди аҳмоқ одамлар ҳам депутат бўлиши мумкин, лекин бу ҳамма депутат аҳмоқлигини англатмагандек», – деб ёзади Ғаниев.
Нобель мукофоти совриндори иқтисодчилар Абҳижит Банержи ва Эстер Дюфлонинг глобал қашшоқликни қисқартириш бўйича экспериментал ёндашувига иқтибос келтирган ҳолда, Ғаниев одамлар меҳнат қилмагани учун эмас, балки кўп ҳолларда «камбагаллик қопқони» (очлик, касаллик, ишсизлик, таълим ололмаслик) га тушиб қолиши ортидан қашшоқликдан чиқолмаслигини тушунтиради.
Ғаниевга кўра, мамлакат аҳолисининг 14 фоизини ҳаракатсизлик ва масъулиятсизликда айблаш, уларни ўз тақдирига муносиб деб билиш апорофобия (камбағалларга нисбатан душманликда бўлиш) нинг классик кўринишидир.
«Камбағалларга нисбатан камситишларни олдини олишда давлат билан жамият ҳам бирдек масъул эканлигини унутмаслигимиз керак. Камбағалликка оид стреотипларга қарши туриш, жамиятда камбағал шахсларга нисбатан ҳамдардлик ва тушуниш (эмпатия)ни ёйиш жуда муҳим», — деб таъкидлайди депутат.
ℹ️ Ўзбекистон расмийлари 2020 йили мамлакат аҳолисининг бир қисми қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётганини биринчи марта очиқ тан олди. Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, унда иш ҳақи ва нафақаларни инфляциядан аввалроқ ошириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш назарда тутилиши кўзда тутилган. 2023 йил январида Мирзиёев 5 миллион кишини иш билан таъминлаш ва йил охиригача 2 миллион доимий иш ўрни яратиш зарурлигини эълон қилди. Ўзбекистон ҳукумати аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги ишларда 2021 йиль феврал ойида қашшоқликка қарши курашда тўлиқ ғалаба қозонган эълон Хитой тажрибасидан фойдаланишга қарор қилди.