2022 йил декабрь ойида Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган ФИДE Рапид ва Блиц чемпионатида ҳижобсиз иштирок этган эронлик шахматчи Сара Хадемга Испания фахрий фуқаролиги берилди. Бу ҳақда 27 июл куни Reuters агентлиги хабар берди.
Спортчининг ўзи айтганидек, у ҳижобсиз чиқиши билан ўтган йил кузида Эрон ҳукуматига қарши бўлиб ўтган норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаган. Бутун мамлакат бўйлаб акциялар 2022 йил сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Амини вафотидан кейин бошланган эди. Қиз ҳижоб ўраш қоидаларини бузгани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этган. Мухолифат фаолларининг сўзларига кўра, полиция Аминини калтаклаган, бироқ Эрон расмийлари қизда инсулт бўлганини даъво қилишган.
26 ёшли Хадем Қозоғистондаги мусобақа пайтида ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаганидан афсусланмаслигини айтган. Шу билан бирга, спортчи Эронда жамоат жойида ҳижобсиз пайдо бўлгани учун ҳибсга олинган бўларди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон шахмат федерацияси Олмаотадаги хижобсиз ўйинидан сўнг Хадемдан воз кечган. Федерациянинг маълум қилишича, қиз мусобақага якка тартибда борган.
Уч ойлик намойишлар натижасида эронлик аёллар жамоат жойларида ҳижоб киймаслик ҳуқуқини амалда қўлга киритишди. Бироқ, расмий равишда Эронда хижобда юриш мажбурийлигига доир қонун ҳалигача бекор қилинмаган.