Қирғизистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиши, унинг ўлими юзасидан самарали ва холис тергов олиб бориши ҳамда унинг оиласига етказилган зарарни муносиб тарзда қоплаши керак. Бу ҳақда 25 июль куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, Азимжон Асқаров бу йил 72 ёшини нишонлаши мумкин эди, бироқ бундан уч йил аввал, 2020 йил 25 июль куни у қамоқхонада сохта айбловлар оқибатида вафот этган ва бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
Асқаров 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубидаги этник можаро билан боғлиқ сиёсий айбловлар бўйича адолатсиз суддан кейин умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди. 2016 йил март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганини аниқлаб, уни зудлик билан озод қилишга чақирган. Бироқ, Қирғизистон ҳукумати Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган.
Қамоқхонада Асқаровнинг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашади, ўлимидан бир неча кун олдин у оғир касал бўлиб қолади. Ҳуқуқ ҳимоячиси адвокатлари ва турли халқаро ташкилотларнинг бир неча бор сўровларига қарамай, расмийлар Асқаровни гуманитар сабабларга кўра озод этишдан бош тортган. Тез орада Қирғизистондаги жазони ижро этиш хизмати ҳуқуқ ҳимоячиси 2020 йил 25 июль куни Covid-19 сабаб бўлган асоратлардан вафот этгани ҳақида хабар берган. У 31 июль куни Ўзбекистонда дафн этилган.
Асқаровнинг ўлими бўйича тергов жараёни процессуал қонунбузарликлар ва манфаатлар тўқнашуви билан тўлиб-тошиб кетган ва 2021 йил июнида расмийлар ишни ёпиб қўйган. Қирғиз ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг такрорий мурожаатлари ва босими кучайгач, тергов 2021 йил сентябрида қайта очилган. Бироқ, унинг натижалари ҳақида ҳали ҳам жамоатчиликка ҳисобот берилмаган.
«Асқаровнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши, адолатсиз судлангани ва қамоқхонада унга бўлган шафқатсиз муносабат Қирғизистонда одил судловнинг чуқур сиёсийлашиб кетганини акс эттиради», — дея хулоса қилади HRW.
Ҳуқуқ фаолларининг эслатишича, 2022 йил октабрь ойидан бери Кампиробод (Андижон) сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан йигирма нафар қирғизистонлик фаол, журналист ва сиёсатчилар панжара ортида қолган. Бундан ташқари, қатор янги қонунчилик ташаббуслари Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятини бостиришга қаратилган.
«Агар ҳукумат Азимжон Асқаровга нисбатан қилинган адолатсизликни тузатишга жиддий ёндашса, ўз асосий ҳуқуқларидан фойдалангани учун ноҳақ қамалганларни зудлик билан озод қилиши керак», — дейди HRW.
ℹ️ Азимжон Асқаров Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист, 2010 йил июнь ойида миллатлараро тартибсизликларга чақирув ва ўша кунларда полициячини ўлдирганликда айбдор деб топилган. Асқаров ўз айбини қатъиян рад этган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровнинг иши фаолнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор қаратгани учун қасос олиш мақсадида уйдирилган, тартибсизликлар пайтида у ҳалок бўлганлар, яраланганлар, талончиликлар ҳақидаги маълумотларни ҳужжатлаштирган, деб ҳисоблашади.
Қирғизистондаги барча инстанциялар Асқаровнинг мурожаатларини рад этган, бироқ БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2016 йили уни айбсиз деб топган ва зудлик билан озодликка чиқарилишини буюрган. Қирғизистон ҳукумати бу қарорга амал қилмаган.
2021 йил августда Бишкекнинг Свердловск туман суди Азимжон Асқаровнинг ўлими бўйича ишни қайта бошлашга қарор қилган. Текширув Жазони ижро этиш давлат хизматининг тергов хизматига топширилган, бироқ сентябрь ойида ҳуқуқ ҳимоячилари уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) ўтказишга муваффақ бўлишган, бироқ қўмитадагилар тергов бошлашга шошилмаган. 2023 йил февралида Бишкекнинг Первомайский туман суди ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлими бўйича терговчининг ҳаракатсизлигини тасдиқлаган.