Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита буғ-газ қурилмалари барпо этилади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

24 июль куни Толимаржон иссиқлик электр станциясида умумий қуввати 1065 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмалаини бунёд этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бош пудратчи икки компания консорциуми — Intecsa Ingeniera Industrial S.A. (Испания) ва Mitsubishi Corporation (Япония). Лойиҳанинг умумий қиймати 771,8 миллион доллар бўлиб, Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) имтиёзли кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳа Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги истеъмолчиларни, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станциясини электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.

Мазкур иншоотнинг 2025 йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида республика йилига қўшимча 8,5 миллиард кВт/соат электр энергияси олади. Юқори самарали технологиялар ҳисобига 600 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқиндиси 1500 тоннага камаяди.

Толимаржон ИЭСни Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) икки компанияси – Mubadala ва TAQA томонидан ташкил этилган қўшма корхона бошқаради, улар 2022 йил сентябрь ойида иссиқлик электр станциясини модернизация қилишга салкам 1 миллиард доллар сармоя киритиш режаларини тасдиқлашган.

ℹ️ Толимаржон ИЭС Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани Нуристон қишлоғида жойлашган. У 1984 йили қурила бошланган, аммо СССР парчаланганидан кейин лойиҳа музлатиб қўйилган. 1998 йили қурилиш қайта тикланган, станциянинг биринчи энергия блоки 2004 йил декабрь ойида ишга туширилган. 2016 йил октабрь ойида станция 450 мегаватт қувватга эга биринчи, 2017 йил февралида худди шундай қувватга эга яна битта, август ойида эса яна иккита станция ишга туширилган. Бугунги кунда иссиқлик электр станциясининг қуввати 1700 МВтни ташкил этади. Уни 2600 МВтга кўпайтириш, электр энергияси ишлаб чиқаришни йилига 20,4 миллиард кВт/соатга ошириш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ